АҚШ президенти Дональд Трамп ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш ва Американинг Тель-Авивдаги элчихонасини у ерга кўчириб ўтказиш ҳақидаги ўз қарорига изоҳ берди.

Қўшма Штатлар етакчисининг таъкидлашича, у аввалги президентлардан фарқли равишда, Исроилдаги дипломатик ваколатхонани кўчириш бўйича берган сайловолди ваъдасини бажарди.

«Мен ўзимнинг сайловолди кампаниямдаги ваъдамни бажардим – бошқалар эса йўқ», - дея ёзди Трамп твиттердаги саҳифасида.

Трамп ўз ёзувига видеороликни ҳам улаб қўйган, унда АҚШнинг аввалги президентлари Билл Клинтон, кичик Жорж Буш ва Барак Обаманинг турли йилларда элчихонани ал-Қудсга кўчириш ниятида эканликлари ҳақидаги баёнотлари акс эттирилган.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олишини маълум қилди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Трампга «жасур ва адолатли» қарор учун миннатдорлик билдирди. Ўз навбатида, Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос Трампнинг қарорини Яқин Шарқдаги тинч жараёнда Америка иштирокининг якуни деб атади.