Араб давлатлари лигаси (АДЛ) ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Қоҳирадаги йиғилиши якунларига кўра, араб давлатлари АҚШдан Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиш қарорини бекор қилишни талаб қилишди.  

“Кенгаш АҚШдан Ал-Қудс бўйича қарорини бекор қилишни талаб қилади ва Исроилни 1967 йил 4 июндан бошлаб фаластин ва араб ерларини ноқонуний эгаллаб олишини тўхтатиш учун халқаро ҳамжамият билан биргаликда БМТ резолюциясини бажаришга мажбур қилмоқчи”, деб айтилган АДЛ баёнотида.

АҚШ президенти Дональд Трамп 6 декабрда Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олинишини эълон қилганди.

Араб давлатлари фикрича, бу қарор халқаро ҳуқуқ тамойилларини бузади ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюцияларига зид келади. “Бу қарорнинг ҳеч қандай қонуний натижаси йўқ, у фақатгина тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради, кескинликни  авж олдиради, янада ҳам кўпроқ адоватни вужудга келтиради ва бутун Яқин Шарқни зўравонлик, тартибсизликлар, қон тўкилиши ва беқарорлик жарига қулатиш билан хавф солади”, деб айтдилар араб давлатлари вазирлари. 

Шунингдек, АДЛ ва Ислом ҳамкорлиги ташкилоти АҚШнинг Ал-Қудс бўйича қарорига қарши биргаликдаги ахборот кампаниясини бошламоқчи. Бу кампаниядан мақсад халқаро ҳамжамиятга Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олинишининг хавфли эканлигини исботлашдан иборат.  

“АДЛ кенгаши Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда АДЛнинг бош котибиятига АҚШнинг қарори, Исроилнинг Ал-Қудсдан мусулмонларни ҳам, насронийларни ҳам сиқиб чиқаришга қаратилган ҳаракатлари хавфли эканини тушунтириш бўйича халқаро ахборот кампаниясини бошлашни ташкиллаштириш вазифасини топширди”, деб айтилган хабарда.

Бундан ташқари, АДЛ Ал-Қудс аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун Ал-Қудс ва Ал-Ақсо жамғармасини молиялаштиришни кўпайтиришга чақирди.