Араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари АҚШнинг Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олишга доир қарорини ҳалокатли хато сифатида баҳолаб, уни қайтариб олишга чақиришди, зеро бундай қарор Вашингтонни "босқинчилар" билан бир қаторга қўяди. Associated Press шу ҳақида хабар берди.

Бундан ташқари, ТИВ раҳбарлари БМТ Хавфсизлик Кенгаши (ХК)ни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ал-Қудс бўйича қарорини қораловчи резолюцияни қабул қилишга чақиришмоқда. Фаластин ТИВ раҳбари Риёд Ал-Маликийнинг маълум қилишича, БМТ ХК резолюцияси ветоланган тақдирда, араб мамлакатлари БМТ Бош Ассамблеяси томонидан резолюция қабул қилинишини қатъий талаб қилади.

9 декабрь куни араб мамлакатлари вазирлари Қоҳирада шошилинч маслаҳатлашувлар учун учрашишди. AP'да таъкидланишича, ТИВ раҳбарлари томонидан қабул қилинган резолюцияда АҚШга нисбатан қандайдир чекловлар (масалан, Америка товарларига бойкот эълон қилиш ёки дипломатик муносабатларни камайтириш) ҳақида гап йўқ. Шундай бўлса-да, баъзи давлатлар вакиллари санкциялар киритишни таклиф қилишган.

Манбага кўра, араб давлатлари вазирлари бир ойдан кейин яна учрашишади.

Таъкидлаш жоизки, 6 декабрь куни Дональд Трамп АҚШ Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиши ва ўз элчихонасини ўша ерга кўчириши ҳақида эълон қилганди. Бундай қарор ҳатто Вашингтоннинг энг яқин иттифоқдошлари томонидан ҳам танқид остига олинди.