АҚШнинг Жакартадаги элчихонаси олдида якшанба куни 6 минг нафарга яқин киши тўпланди. Бу ҳақда Straits Times нашри полицияга асосланиб хабар тарқатди.

Йиғилганлар бу орқали АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилинишига норозилик билдиришмоқда.

Нашр маълумотига кўра, ушбу намойиш Индонезия тараққиёт ва адолат партияси (PKS) томонидан ташкиллаштирилган.

Шунингдек, шаҳардаги аҳоли гавжум яшайдиган ҳудудда жойлашган шифохоналардан бири олдида одамлар тўпланган. Улар Индонезия ва Фаластин байроқларини, шунингдек, плакатлар кўтаришган. Плакатларда "Фаластинни озод этинг" ва "Биз Фаластин учун" шиорлари ёзилган.

6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олинишини эълон қилди. У АҚШ Давлат департаментига Тель-Авивдаги элчихонани Ал-Қудсга кўчиришга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширди.