Исроил армияси томонидан йўлланган авиазарба оқибатида Ғазо секторида икки фаластинлик ҳалок бўлган. Бу ҳақда ҲАМАС ҳаракатига алоқадор «Ал Ақсо» радиоси хабар тарқатди.

«Исроил томонидан берилган зарбадан кейин шифохонага икки кишининг жасади олиб келинди», дейилган хабарда.

Reuters хабарига кўра эса, бу ҳужумга Исроил алоқадор эмас, Ғазо секторида икки мотоциклчи бомба портлаб кетиши оқибатида ҳалок бўлган.

Исроил томони шаҳар аҳолиси вакиллари ўлими Исроил томонидан берилган авиазарба туфайли эмаслигини таъкидламоқда.

«Фаластинликларнинг хабари ҳақиқат эмас. Исроил армияси Ғазо сектори шимолига ҳужум қилмади», — дейилган ҳарбийлар баёнотида.

11 декабрь куни Исроил ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими Ғазо томондан учиб келган ракетани тўхтатиб қолганди. Кейинроқ исроиллик ҳарбийлар фаластинлик жангариларнинг позицияларини ўққа тутди.

Фаластин ва Исроил ўртасидаги зиддият АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилиши ортидан кескинлашиб кетди.