Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида 80 мингга яқин киши АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қудс шаҳри бўйича қарорига норозиликларини изҳор қилиб пойтахт кўчаларига чиқишди. Бу ҳақда The Straits Times нашри хабар қилмоқда.

Кўп минг кишилик оломон Миллий мустақиллик монументи минораси олдида тўпланишган. Маҳаллий полициянинг хабар қилишича, вазият тинч ва хавфсиз бўлиб қолмоқда.

Монументдан 100 метрлар чамаси узоқликда АҚШнинг Индонезиядаги элчихонаси жойлашган. Элчихона биноси яқинида ўтган ҳафталар мобайнида бир неча норозилик акцияси ташкил этилган эди. Уларни Индонезия уламолар кенгаши ва бошқа бир нечта мусулмон ташкилотлари уюштирмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп Қудс шаҳрини Исроил пойтахти сифатида тан олган ҳамда у ерга Америка элчихонасини кўчиришга қарор қилганди. АҚШ қарори Исроилда ижобий кутиб олинган, аммо дунёнинг аксар мамлакатлари, жумладан Яқин Шарқ давлатлари ва Фаластин томонидан салбий қарши олинган эди.