Индонезия пойтахти Жакартада АҚШ президенти Дональд Трампнинг ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш бўйича қабул қилган қарорига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди. 

Индонезия Уламолар кенгаши томонидан ташкил этилган акция Монас майдонида ўтказилиб, унда минглаб одамлар иштирок этди.

Норозилик акцияси қатнашчилари қўлларида шундай ёзувларга эга плакатларни кўтариб олишган: «Ал-Қудс мусулмонларга тегишли!», «Биз фаластинликларни қўллаб-қувватлаймиз!» ҳамда «Озод Фаластин!».

Акцияда чиқиш қилган Уламолар кенгаши раҳбари Маъруф Амин аҳолини Америкада ишлаб чиқарилган маҳсулотларни бойкот қилишга чақирди.

Фаластин ерларининг Исроил томонидан эгаллаб олиниши ярим аср аввал рўй берган бўлиб, президент Дональд Трампнинг шаҳарни Исроил пойтахти сифатида эълон қилиш бўйича режаларидан сўнг янги босқичга кирди.

Исроил Шарқий ал-Қудсни 1967 йилнинг июнида эгаллаб олган. 1980 йилда Кнессет шундай қонун лойиҳасини қабул қилдики, унга мувофиқ Исроил ал-Қудсни ўзининг ягона ва ажралмас пойтахти деб эълон қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши бунга жавобан 478-сонли резолюцияни қабул қилди, унда Шарқий ал-Қудснинг Исроил томонидан эгаллаб олиниши қораланди. Халқаро ҳамжамиятнинг фикрича, Шарқий ал-Қудс Исроил истилоси остида қолмоқда.

Бундан ташқари, биронта ҳам давлат ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олмаган. АҚШ ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олган биринчи мамлакатга айланди.