БМТ Бош ассамблеяси Ал-Қудснинг Исроил пойтахти сифатидаги мақоми бўйича АҚШ қарорини тан олмаслик ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюцияга 128 та давлат овоз берди, 9 давлат қарши чиқди, 35 давлат бетараф қолди. 

Резолюцияни АҚШ, Исроил, Гватемала, Ҳондурас, Маршалл ороллари, Микронезия, Науру, Палау ва Того қўллаб-қувватламади.

Қабул қилинган ҳужжатга кўра, “муқаддас шаҳар Ал-Қудснинг характери, мақоми ва демографик таркибини ўзгартиришни кўзда тутувчи исталган қарор ва хатти-ҳаракатлар ҳуқуқий кучга эга бўлмайди, ноқонуний ҳисобланади ва бекор қилиниши керак бўлади”.

Резолюция, шунингдек, барча давлатлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг “резолюцияларидан фарқланувчи хатти-ҳаракатлар ва чораларни тан олмасликларини” талаб қилади.

БМТда овоз беришдан аввалроқ АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Ники Ҳейли халқаро ташкилотнинг қарори қандай бўлишидан қатъи назар, АҚШ Ал-Қудсда элчихонасини очишини айтганди. 

“АҚШ Ал-Қудсда элчихонасини жойлаштиради. Бу биздан Америка халқи истаётган нарсадир ва бу тўғридир. БМТдаги ҳеч қандай овоз бериш бунга таъсир қилолмайди”, деб айтган Ҳейли.

Ҳейли овоз бериш эътиборсиз қолмаслигини айтган. “Бу овоз бериш америкаликлар БМТни қандай кўришларига ва бизни БМТда ҳурмат қилмайдиган давлатларга қарашимизга таъсир қилади. Биз бу овоз беришни эслаб қоламиз”, деб айтган дипломат.

Ўз навбатида Исроилнинг БМТдаги вакили Данни Данон “Ал-Қудс ҳамиша Исроил пойтахти бўлгани ва бўлиб қолишини” айтган. “БМТ Бош ассамблеясининг бирорта резолюцияси бизни Ал-Қудсдан сиқиб чиқара олмайди”, деб айтган дипломат БМТдаги чиқишида.