Қишнинг совуқ кунлари келиши билан, хонадонларда табиий газга бўлган талабнинг ошиши натижасида, унинг таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага чиқмоқда.

«Kun.uz» таҳририятига газ таъминотидаги узилишлар бўйича аҳолидан кўплаб мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда. Шулардан бири Хоразм вилояти, Хонқа тумани, Сарапоён қишлоғи, Пахтагул маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан юборилган.

«Ассалому алайкум Kun.uz раҳабарияти. Мен сизга маҳалламиздаги мавжуд муаммолардан бирини ҳикоя қилмоқчиман. 

Мен Хоразм вилояти, Хонқа тумани, Сарапоён қишлоғидаги Пахтагул маҳалласида яшайман. Маҳалламиз харитаси тўғри тўртбурчак шаклида ва унда олтита кўча бор. Ҳар бир кўчада ўртача 80-90 хонадон жойлашган. 

2015 йилнинг ноябрь ойида, табиий газ идораси томонидан маҳалламизнинг охирги иккита кўчаси газ таъминотидан узиб қўйилди. Бунинг сабаби сифатида, охирги иккита кўчанинг чизмаси йўқлиги ва улар газ таъминотига ноқонуний улангани кўрсатилди. Ваҳоланки, шунча йиллардан буён, бу кўча аҳолиси газнинг пулини тўлаган ҳолда ундан фойдаланиб келаётганди.

Газ лойиҳасини чизиб, бизни ҳам газ тармоғига уланг, деб қилган мурожаатларимизга фақат бир жавоб олдик: сизнинг кўчаларингиз газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудда жойлашган! 

Шундан сўнг, кўчамизда яшайдиганлардан бири муҳтарам президентимиз порталига мурожаат қилди. Шунда, Хонқа тумани, Сарапоён қишлоғи, Пахтагул маҳалласи Вазирлар маҳкамасининг 2013 йил 5 июлдаги 193-сонли қарорига асосан, газ таъминоти етиб бориши қийин ҳудудда жойлашгани учун узиб қўйилди деган жавобни олдик. Қизиғи шундаки, жавобда охирги иккита кўча узилди деган гап йўқ, балки бутун маҳалла кўзда тутилган. Аммо, айни пайтда, маҳалланинг дастлабки 4та кўчасида газ бор ва аҳоли бемалол ундан фойдаланиб келмоқда.

Яқинда, яна бир фуқаро порталга бу борада мурожаат қилганида, ҳокимият томонидан, кейинги йил бутун маҳалла табиий газ таъминотидан узиб қўйилади, шунинг учун ҳам, бу мурожаатингизни фойдаси йўқ деган жавобни олдик. Уларнинг фикрига кўра, маҳалламиз табиий газ етиб бориши қийин ҳудудда жойлашган эмиш. Ваҳоланки, охирги икки кўча газдан узиб қўйилган пайтда ҳам ва ҳозир ҳам маҳалламизда табиий газнинг босими жуда яхши эканини кўриш мумкин.

Айни пайтда, узиб қўйилган иккита кўчадаги иккита хонадон табиий газдан фойдаланмоқда. Газ идорасига мурожаат қилганимизда, бу хонадонларнинг газ чизмаси Тошкентда бор, шунинг учун табиий газдан узилмаган дейилди.

Тасаввур қилинг, бир кўчанинг нариги томонида газдан бемалол фойдаланиб, иссиқ уйда истиқомат қилишмоқда. Бу томонидаги уйлар эса, бир амаллаб, бир хонани электр печи билан иситиб, ҳамма шу хонага қамалиб ўтирибди. Ваҳоланки, маҳаллага етказиб берилаётган газнинг босими жуда баланд. Наҳотки, ундан биз ҳам фойдалана олмасак?

Бу мурожаатни кўриб чиқиб, амалий ёрдам берсангиз. Зора бизга ҳам, ҳеч бўлмаса, қиш мавсумида газ беришар. Оиламиз билан иссиқ хоналарда бемалол яшаш орзумиз амалга ошиб қолар...»

Фото: Kun.uz