Гулистон туманидаги барча таълим муассасаларида 2017-2018 йилги куз-қиш мавсуми барқарор ўтказилиши қатъий назоратга олинади. Сирдарё вилояти Гулистон тумани халқ таълими бўлими KUN.UZ таҳририятига йўллаган жавоб мактубида шу ҳақда сўз боради. 

Ҳужжатда қайд этилишича, kun.uz сайтида Гулистон туманидаги 14-мактабда ўқувчилар совуқ хоналарда дарс машғулотлари ўтаётгани ҳақида “Гулистон туманида икки хил ҳолат: бири иссиқ, бири совуқ” номли мақола чоп этилганидан сўнг, Сирдарё вилояти прокурори, туман ҳокими, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, туман солиқ инспекцияси бошлиғи биргаликда мазкур мактабга ташриф буюрган. 

Жавоб мактубида ёзилишича, вилоят прокурори ва туман сектор раҳбарлари мактабни ҳудуд газ тармоғига улаш бўйича амалий чоралар кўриш ҳамда шу мақсадда 23 млн сўм ажратишга келишиб олишган. 

Шу куннинг ўзида “Бунёдкор Мега строй” МЧЖ билан шартнома имзоланиб, дастлабки қурилиш ва лойиҳалаш ишларини бошлаши учун туман молия бўлимдан 1 млн 250 минг сўм МЧЖ ҳисобига ўтказилди ҳамда ишчилар томонидан мактабни газ тармоғига улаш ишлари бошланди, дея таъкидланади мактубда. 

Фото: KUN.UZ

Албатта, Таҳририят кўрилган чораларни юқори баҳолаган ҳолда, уларнинг фақат қоғозда қолиб кетмаслигини, берилган ваъда ижроси билан гўзаллигини туман мутасаддиларига эслатиб қўйишни маъқул, деб билади.