KUN.UZ таҳририятига Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви борасида мавжуд муаммолар юзасидан турли мактублар келиши давом этмоқда. Уларнинг айримлари билан яқиндан таништиришга қарор қилдик.

“Ассалому алайкум KUN.UZ. Сизларнинг ҳар бир янгиликларингизни ўқиб бораман ва мен ҳам бир мурожаат ёзмоқдаман. Исмим Фаҳриддин, биз томонда, яъни Самарқанд вилояти, Ургут тумани, “Деҳқонобод” маҳалласида газ келмаган. Бундан ташқари, электр энергиясини ҳам бир суткада берса, 2 соат ёки 3-4 соат беради. Ёнганда ҳам эрталаб ёки кечроқ ёнади. Маҳалламиздаги одамларга ва ёш болали оилаларга жуда ҳам қийин. Бир хил кунлари чироқ умуман ёнмай ҳам қолади! Ваҳоланки, бизни маҳалламизда деярли барча пластик карточкали ҳисоблагичда, яъни олдиндан пулини тўлаймиз. Лекин биз кимга мурожаат килсак ҳам ҳеч ким ёрдам бермайди!!! Илтимос, шу масалада ёрдам берсаларингиз, бефарқ қолдирмайсизлар, деган умиддаман”.

Яна бир мурожаатда шундай гаплар тилга олинади:

“Ассалому алайкум. Мен ҳам электр энергияси танқислиги юзасидан сизлар билан боғланаяпман. Бу муаммо ҳақида жуда кўплаб мурожаатлар қиляпсизлар, аммо натижа йўқ. Мен Андижон вилояти, Булоқбоши тумани, Кулла қишлоғиданман. Биз тарафда қиш бошланиши билан электр деярли узилади, ҳозирги кунда ҳам шундай. Кундузи икки соат кечаси икки соат ёнаяпти. Шу аҳволда қандай яшаш мумкин?? Газ умуман йўқ, чироқ ҳам бўлмаса биз қайси асрда яшаяпмиз ўзи? Оддий халқ ҳамон қийналяпти, буни ким ўйлайди?”.

Мурожаатларнинг навбатдагиси қуйидаги мазмунга эга:

“Ассалому алайкум KUN.UZ ходимлари. Халқ дардини эшитиб, қўлингиздан келган ёрдамни қилаётганингиздан шу халқ жуда миннатдор. Мен Наманган шаҳрида, Қ.Отамирзаев кўчасида яшовчи оддий бир фуқароман. 7 йилдан бери табиий газ йўқ. Маҳалламизда имконияти бор инсонлар (жуда кам) бир амаллаб уйини иситади, имконияти йўқ бечоралар эса эски оёқ кийим, резина ёқиб уйини истишга мажбур. Кексалар ва ногиронлар бор, ёш болалар бор, айниқса, ёқилган резина тутуни алергия қўзғатар экан. Ёш болалар жуда қийналмоқда, илтимос, шу мавзуни ҳам ёзсангиз. Мутасадди ташкилотлар эътиборига тушса, маҳалламизга табиий газ келса, келажагимиз бўлган ёш авлод иссиқ уйда тоза ҳаводан нафас олса, эртанги кун шу ёш авлодники-ку. Президентимиз айтаяптилар-ку, халқ келажакда эмас, эртага эмас, бугун яхши яшаши керак деб. Наҳотки бу сўзларнинг мутасадди раҳбарларга аҳамияти йўқ?”.

Бухоро вилоятидан келган мурожаат:

“Ассалому алайкум ҳурматли KUN.UZ ижодкорлари! Сизларга Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Ҳасан хўжа қишлоғида истиқомат қилаётган аҳоли номидан ёзмоқдаман! Яқин-яқингача бизниниг қишлоқ туманимизнинг энг сўлим қишлоқларидан бири эди! Аммо ҳозирда қишлоғимиз худди чўлга ўхшаб қолди! Ҳурматли таҳририят ижодкорлари, биздаги асосий муаммо юртимизни бошқа ҳудудларида бўлгани каби табиий газ муаммоси! Агар сизларни ташаббусларингиз орқали туманимизни мутасадди ташкилот раҳбарлари қишлоғимиздаги муаммони ҳал қилиб беришса, хурсанд бўлардик! Бизда ҳамма нарса тайёр - ҳар бир хонадонга қувурлар тортилган, газ тақсимлагичлар(ГРП) бор. Фақатгина табиий газни узатишса бўлди! Олдиндан раҳмат!”.

Фарғона вилоятидан келган мурожаатда эса қуйидаги масала кўтарилган:

“Ассалому алайкум KUN.UZ. Мен Фарғона шаҳриданман. Электр энергиясидаги муаммолар ҳақида қишлоқдаги ҳамюртларимнинг мурожаатларини ўқидим. Шаҳарни ҳавас қилишмасин. Биз ер-ҳовли уйларда яшаймиз. Демоқчи бўлганим, анчадан бери қаерга бориб айтишни билмай юргандим, сизларга ёзаяпман. Балки фойдаси тегар, балки тегмас. Бизнинг умидимиз газ келишидан катта эди. Менимча, 16 йилдан бери қишда газ бўлмайди. Уйимизда катта дарахтлар кўп эди. Ҳозир икки-уч йиллик дарахтлар бор. Катта бўлса, печкага ёқамиз, чироқ эса график бўйича уч-тўрт маҳал, бир-икки соатдан ўчиб туради. Хуллас Фарғонанинг Ёрмозор, деган жойидан сизларга мурожаат қилаяпман”.

Қуйидаги мурожаатларда эса ушбу соҳалар бўйича турли талаб ва муаммолар тилга олинган.

“Ассалому алайкум ҳурматли KUN.UZ сайти. Мен Фарғона тумани, Чимён қишлоғиданман. Бизда газ йўқ, чироқ йўқ, кунига 2-3 соат ёнаяпди холос. Лекин бизга яқин жойларда “Гагарин”, “Оқбилол”, “Кон” деган жойларда чироқ ҳам, газ ҳам узликсиз берилади. Шу электр масаласи бўйича Президент порталига ҳам, “Ўзэнерго” АЖга ҳам чиқдим. Айтишларича, аппаратлар кўтара олмаётган эмиш. Лекин бошқа жойларда доимий таъминланмоқда-ку. Чироқ бизда ҳам Янги йил кунлари 2-3 кун ёниқ туради. Президентимиз Шавкат Мирзиёев қишлоқ жойларда ҳам шароит яхшиланади, деб айтганлар. Лекин мен буни аксини кўраяпман.

Яна бир алам қилган тарафи шаҳарларда, яна мен юқорида айтиб ўтган бир-икки қишлоқларда чироқ ва табиий газ узлуксиз берилади. Нега аҳоли 2 тоифами? Инсонийлик жиҳатдан озгина раҳмларинг келсин. Тегишли жойларга бу хабарни жўнатинглар, йўқса давлатга, адолатга бўлган ишончим ўлади...”.

“Ассалому алайкум KUN.UZ таҳририяти. Наманган шаҳар, Самарқанд қишлоғи аҳли электр энергияси бўлмагани учун ҳануз шам ёқишаяпти. Бизнинг жойларда Аллоҳдан ҳаммамизга инсоф бериб, чироқ ўчмаслигини тилаб қоламиз. Ахир газ бўлмагани учун ҳеч бўлмаса, чироқ бўлиши керак. 15 кунлик фарзандим бор, эртага касал бўлса, бирортаси дори-уколга пул бермайди. Бу муаммолар ҳал бўладими, йўқми?”.

“Ассалому алайкум KUN.UZ. Сизларни ҳар доим кузатиб бораман. Ишларингизга омад. Сизларга ёзишимнинг сабаби Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани, “Яккатерак” маҳалласига ҳам келиб, бир мавзу тайёрласангизлар. Бизнинг маҳаллада муаммолар жуда кўп. Маҳалламизга электр таъминоти икки соат берилади. Болаларимиз қийналишяпти, дарс қилолмайди. Шам ёқиб дарс қилишади. Ёнимизда иккита маҳалла бор - бири “Истара”, иккинчиси “Кармаки” маҳалласи. Уларни чироғи умуман ўчмайди. Чунки шу икки маҳаллада тепада ишлайдиганлар яшашади. Фақат маҳалламизнинг чироғини ўчиришади. Сув муаммоси жуда қийин. 2000 сўмдан 45 литр сувни сотиб олиб ичамиз. Тракторда келиб сотиб кетишади. Илтимос KUN.UZ, бу муаммоларни олиб чиқингизлар”.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан келган мурожаат ҳам эътиборимизни тортди:

“Ассалому алайкум. Мен Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, Еттитом қўрғонидан мурожаат қиляпман. Узоқ йиллардан бери бизнинг қўрғонимизда бир суткада икки соатдан тўрт соатгача электр энергияси бериб келинар эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида электр энергиямиз янада яхшиланди. Маҳалла аҳли қиш ойларида ҳам вазият шундай давом этади, деб ўйлаган эди, аммо бўлмади. Қиш келиши билан чироқ бир кунда тўрт соат берилмоқда. Тез-тез узилишлар бўлгани сабабли, оиладаги маиший техника воситалари куйиб, зарар кўрди. Еттитомда яшовчиларнинг қарздорлиги, деярли тўлиқ қопланган. Шу масалага вилоят ёки туман мутасаддилари астойдил киришиса, мақсадга мувофиқ бўлар эди...”.

Бу каби мурожаатлар жуда кўп. Бу ҳақда аввал ҳам маълум қилган, таҳририятга келган мактубларнинг айримлари билан таништирган эдик. Ҳақиқатда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, халқ бугун яхши яшаши керак. Ўйлаймиз-ки, юқоридаги мурожаатлар юзасидан масъул раҳбарлар атрофлича текшириш олиб боришади ва муаммолар ўз вақтида ижобий ечим топади.