Хитой ҳукумати моторлари ёқилғи сарфлаш давлат меъёрлари ва экологик талабларга жавоб бермайдиган 533 та моделдаги енгил автомобилларнинг ишлаб чиқарилишини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда.  
   
Ушбу машиналарнинг ишлаб чиқарилишига тақиқлов 2018 йил 1 январдан кучга киради. Бу автомобиллар орасида BMW, Mercedes-Benz, Audi, Volkswagen ва Chevrolet маркалари моделлари ҳам бор. Тахмин қилинишича, келгусида бу рўйхат кенгайтирилиши мумкин. 

Аввалроқ Хитой ҳукумати яқин орада мамлакатда ички ёнув двигателига эга автомобиллар ишлаб чиқарилиши ва сотилишини тўлиқ тақиқлаши мумкинлиги маълум қилинганди. Айни вақтда Хитойнинг саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги бошқа тартибга солувчи давлат муассасалари билан бирга бензин ва дизелда ишловчи моторларга эга машиналарни ишлаб чиқариш ва сотишга тақиқлов киритилиши мумкин бўлган санани муҳокама қилмоқда.   

Бу қадам Хитой автомобилсозлик саноатига “улкан таъсир” кўрсатиб, унинг “яшил” автомобиллар ишлаб чиқаришга ўтишга ундаши ҳамда атроф-муҳит ифлосланиши даражасини камайтириши керак.