2017 йил якунига етишига саноқли кунлар қолди. Spot.uz йил давомида содир бўлган муҳим воқеалар бўйича маълумот берди. Конвертациянинг очилиши, инвестициялар кафолати, яқинлашишга қаратилган курс шунга олиб келдики, Ўзбекистон бозорига бир неча ўнлаб жаҳон компаниялари кириб келди. Қуйида улардан энг асосийлари ҳақида қисқача маълумот тақдим этилади.

Volkswagen ва Peugeot Citroёn. Автомобиль бозори узоқ вақт давомида ягона Chevrolet’дан иборат эди, жорий йилда эса иккита янги, йирик ўйинчи қўшилди. Франциянинг «Пежо Ситроен» гуруҳи ва Германиянинг Volkswagen'и бу ерда заводлар қуради ҳамда 2019 йилдаёқ янги автомобилларни ишлаб чиқара бошлайди. Янги маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси йилига 15-20 минг автомобиллик ишлаб чиқариш қувватларида камида 50 фоизни ташкил этади.

Фото: Motor.ru
Фото: Peugeot Citroёn

tvzavr.ru ва Zvooq. Ucell Россиянинг иккита контент сервислари билан шериклик келишувига эришди, улардан биринчисини Ўзбекистондаги илк қонуний онлайн-кинотеатр сифатида кўриш мумкин, иккинчиси эса обуна бўйича биринчи қонуний мусиқа сервисидир. 

Ticketon. Қозоғистондаги онлайн-чипталарни сотиш бўйича энг йирик сервис ўз ишини декабрда бошлади. Компаниядагиларнинг фикрича, Ўзбекистондаги мижозлар, шунингдек маданият ва спорт объектлари интернетдаги хариднинг янги имкониятларига тайёр, бозорда бу борада яхши даражадаги техник ечим ҳозирча йўқ эди.

RC Cola. 1905 йилда пайдо бўлган ва ўз маҳсулотини дунёнинг 50 дан ортиқ давлатида ишлаб чиқарувчи Америка бренди Family Group компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда алкоголсиз ичимликларни чиқариш бўйича лойиҳани августда ишга туширди.

Европа инвестиция банки. Июнда бу борадаги илк маълумот пайдо бўлди, банкнинг ўзи эса Ўзбекистонда октябрь ойида иш бошлади. Битимнинг имзоланиши ЕИБ молиявий инструментларини Ўзбекистондаги йирик ижтимоий аҳамиятга эга сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда қўллаш имконини беради.

«Продимекс». Сентябрда божхона божлари бекор қилинди, ноябрда эса Россия компанияси биринчи марта шакарни импорт қилди. Маҳсулот билан тўла 50 та вагон юборилди ҳамда ҳар куни янги ҳажмлар юкланмоқда.

Addreality. Россиянинг digital signage соҳасидаги ишлаб чиқувчиси Star Screen компанияси билан шерикликда бозорга кириб келди. Addreality’дагиларнинг фикрича, бу компаниянинг географик имкониятини кенгайтириш имконини беради.

«Шоколадница». Россиянинг қаҳвахоналар бўйича энг йирик тармоғи бозорга франчайзинг орқали кираётганини маълум қилди. Ҳозирга қадар 5 та шартнома имзоланди, илк қаҳвахона эса Тошкентда 2018 йилда очилади.

Фото: Toyota Uzbekistan

Toyota. Компаниянинг биринчи расмий дилери импорт қилинган автомобилларни сотади ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Хабар қилинишича, музокаралар жараёни икки йил давом этган ва энди Япониянинг энг йирик концерни Ўзбекистонга расман кириб келди.

Фото: КАМАЗ

«КАМАЗ». Ноябрь ойида UzAutoTrailer МЧЖ қувватларида «КАМАЗ» маркаси остида юк транспорт воситаларини ишлаб чиқариш ташкил этилиши маълум бўлди. Декабрь охирига қадар Ўзбекистонда автомобилларни йиғиш учун биринчи 100 та йиғиш мажмуасини етказиб бериш режалаштирилган эди.

«Ростсельмаш». Россия компанияси апрель ойида «Ўзагротехсаноатхолдинг» билан шартнома имзолади, унинг доирасида Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи қувватларида қўшма корхона ташкил этилади. Аграр техника Ўзбекистон бозорига етказиб берилади ҳамда бошқа мамлакатларга реэкспорт қилинади. 

Georgian Industrial Group. Грузиянинг даромади 150 млн доллардан ортиқни ташкил этувчи энг йирик холдингларидан бири Тошкентда ўз офисини очади, у Марказий Осиёдаги ваколатхонага айланади.

Qovee. Қирғизистоннинг бу сервиси ўзини МДҲ мамлакатларининг ягона электрон савдо майдончаси сифатида тақдим этади. У Тошкентда декабрь ойида офисини очди.

Бундан ташқари, Қозоғистон Халқ банки Тошкентда 2019 йилда офис очиш имкониятини кўриб чиқмоқда, Франциянинг тўрт компанияси бозорни ўрганиб чиқмоқда, McDonald’s франшиза орқали кириш имкониятини кўриб чиқяпти, Ҳолландиянинг Prime HortiSolutions’и иссиқхоналар учун технологиялар ва хомашё етказиб беришни бошлади, Қозоғистоннинг Processing.kz’и бозорга кириш учун шерик-банкни қидирмоқда.