Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, мазкур фармонга мувофиқ, Янги йил байрами муносабати билан ҳамда Наврўз ва Мустақиллик кунига бағишланган давлат байрамларига атаб 5 кун кетма-кет дам олиш имкониятини беради.

Бундай қарор қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида фуқароларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари, оила даврасида кўпроқ вақт сарфлашлари, юрт бўйлаб саёҳат қилишлари учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган.

Президент ташаббуси билан оилавий туризм, ижтимоий туризм ва айниқса ички туризмни ривожлантириш бўйича берилган топшириқларидан келиб чиқиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурини ишга туширди. Бу дастур асосида Ўзбекистон аҳолиси мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши учун зарур шароитлар яратилди, мароқли саёҳат дастурлари ишлаб чиқилди ҳамда маҳаллий ҳокимият ва сайёҳлик компаниялари вакиллари томонидан барча ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда.

Ушбу ички туризмни ривожлантириш дастурининг Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистон бўйлаб уюштирила бошлаган саёҳат дастурида минглаб фуқаролар иштирок этишга улгурди.

Ушбу янгилик хориж тажрибасида, айниқса, Япония ва Хитойда учрайди ва “Golden week” номи танилган. Бу мамлакатларда аҳоли катта байрамлар олдидан дам олиш кунларини қандай ўтказиш, қаерларга сафар қилишни истаганидек режалаштиришга имкон яратади. Айтиш мумкинки, айнан шундай узайтирилган дам олиш кунлари Япония ва Хитой аҳолисида саёҳат қилишга қизиқиш уйғотган.

Президентнинг дам олиш кунларини узайтириш бўйича имзолаган фармони халқда юртнинг бой маданий мероси, тарихи ва урф-одатларини яқиндан ўрганишга, халқнинг маърифий даражасини ўстиришга ҳамда ватанпарварлик, бирдамлик ҳисини мустаҳкамлашга янада кўпроқ хизмат қилади.