Зимбабвенинг янги президенти Эммерсон Мнангагва мамлакат собиқ раҳбарлари фойдаланиши мумкин бўлган имтиёзларни белгилаб берди. Бу ҳақда Зимбабвенинг The Herald газетаси ёзмоқда. Бу имтиёзлардан 1987 йилнинг 31 декабридан олий лавозимни эгаллаган ва битта тўла муддатда ишлаган исталган шахс фойдаланиши мумкин. Ноябрь охирида истеъфога чиққан Роберт Мугабе эса айнан шу санада президентга айланганди.

Собиқ президент мамлакат пойтахти Хараренинг исталган жойидаги қароргоҳга даъвогарлик қилиши, шунингдек уй-жой учун нафақа олиши мумкин. Муқобил вариант ҳам тақдим этилади – мамлакатнинг исталган жойида қароргоҳни қуриш ёки харид қилиш ёхуд қароргоҳ қийматига тенг бўлган пулни олиш.

Қароргоҳ учун ер майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқни ташкил этиши мумкин эмас. Уй ҳажми «бешта ётоқхона, учта ётоқхонага эга меҳмонхона қаноти, кабинет, ҳовуз, қўриқлаш хизмати учун иккита хона ва иккита гараждан» кўпроқни ташкил этмаслиги лозим, деб ёзади газета.

Уйда икки хизматкор аёл, икки боғбон, икки ошпаз, икки официантка ва икки нафар кир ювувчи шахс ишлайди. Собиқ президентнинг қўриқлаш хизмати сони амалдаги давлат раҳбари томонидан аниқланади, бироқ улар камида олти киши бўлиши керак.

Собиқ президентга телефон алоқаси, икки компьютер ва амалдаги президентнинг хоҳишига кўра исталган бошқа нарсалар билан жиҳозланган офис тақдим этилади. Шунингдек собиқ амалдорга мобиль телефон ҳам берилади. Унга икки ҳайдовчи, икки шахсий котиб, икки адъютант ва икки клерк хизмат кўрсатади.

Шунингдек лавозимидан кетган етакчи бир йилда тўрт марта авиапарвозни бепул амалга ошириши, битта Mercedes Benz S500 ёки шунга ўхшаш автомобилга, битта тўла узатмали фургон ва битта пикапга эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қўриқлаш хизмати ва бошқа ишчиларга ҳам транспорт тақдим этилади. Автомобиллар паркини янгилаш ҳар беш йилда рўй беради. 

93 ёшли Мугабе ҳарбийлар ва мамлакатдаги етакчи партия раҳбарияти босими остида ноябрь охирида истеъфога кетди. Унинг ўрнини собиқ вице-президент Эммерсон Мнангагва эгаллади.