Сўнги уч ҳафта давомида Андижон вилоятининг барча туманларида фаолият юритаётган автомобилларга  метан газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар пайдо бўлган. Автомобиллар эгалари 5-6 соатлаб  газ қуйилишини кутиб, қимматли вақтларини йўқотишмоқда.

Газ қуйиш шохобчалари эгалари бу ҳолатни қиш фаслида аҳолига газ бериш масаласи биринчи даражали бўлгани учун, метан газ қуйиш масканларига паст босимда газ берилаётгани билан изоҳламоқда.

Фото: Kun.uz

«Жалақудуқ туманидаги заправкаларда аҳвол жуда ачинарли. Мана 30 декабрь куни тонгги соат 6:00да автомашинамга газ қуйиш учун масканга келдим. Соат 12:30 бўлди ҳамки, ҳали навбат келиш у ёқда турсин, шохобча ичига кирганим ҳам йўқ. Навбатда турганларнинг охири кўринмайди. Ачинарлиси, масканнинг чиқиш жойидан таниш-билишчилик қилиб, 15-20 дақиқа ичида балонини тўлдириб чиқиб кетаётганлар бор. Шохобча эгасидан бунга изоҳ сўраганимизда, гапимизни эшитишни ҳам исташмаяпти.

Наҳотки, бундайларга чора қўллайдиган ташкилотни ўзи бўлмаса? Яна бир ноқулайлик туғдираётган жиҳат, газ қуйиш масканларини соат 8:00дан 17:00гача ишлайдиган қилиб қўйишди. Бу давлат ишида, умуман иш вақти белгиланган кишилар учун жуда катта ноқулайлик-ку?», дея ёзади Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидан мурожаат қилган ўқувчимиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, вилоятнинг барча туманларида аҳвол шундай. Автомашина эгаларининг қимматли вақти газ қуйиш масканларида ўтиб кетмоқда. 

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Юқоридаги ҳолат бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Ҳар йили қиш ойларида мана шу муаммо кузатилади. Соҳа мутасаддилари мазкур камчилик борасида ёз ойларида аниқ режа ишлаб чиқармадилар. Мана яна қиш мавсумида доимий давом этадиган «Фаслий касаллик»ка яна дуч келинди.