Токиода 2020 йилда ташкиллаштириладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари юзни таниб олиш технологияларини синаш учун энг улкан майдонлардан бири бўлади. Биометрик маълумотлардан спортчилар, журналистлар ва расмий кишиларни идентификация қилиш учун фойдаланилади. Ташкилотчиларнинг умид қилишича, бу технология текширув жараёнини тезлаштириб, навбатларни қисқартиради, деб ёзади Japan Times.

Барча спортчилар, журналистлар ва расмий шахсларга ўз фотосуратлари туширилган ID-карталар берилади ва маълумотлар базага киритилади. Ҳудудларга киришда дастур инсоннинг юзини базага киритилган фотосурат билан таққослаб текширади.

Ушбу тизим шарофати билан қатнашувчилар ўз картасини ўзга шахсларга бера олишмайди. Шунингдек, ҳеч ким ўғирланган ёки топиб олинган ID-картадан ҳам фойдалана олмайди. Ташкилотчилар бу чора 2020 йилги олимпия ўйинларида террорчилик актлари таҳдидининг олдини олишга ва навбатларда ўтадиган вақтларнинг қисқаришига олиб келади, деб ишонишмоқда.

Томошабинлар биометрик идентификациядан ўтказилмайди. Улар одатдагидек, чиптаси ва шахсий буюмларини кўрсатиб ўтишади. Ташкилий қўмита жами бўлиб 300–400 мингта ID-карта беришни мўлжалламоқда. Шундай қилиб, Токиодаги олимпиада юзни таниб олиш технологиясини синовдан ўтказиш учун энг йирик майдон бўлиши кутилмоқда.

Тизимни Япониянинг NEC компанияси ишлаб чиқмоқда. Унинг технологиялари бозордаги энг аниқларидан бири ҳисобланади. Компания маълумотларига кўра, NEC тизимлари инсонни ҳаттоки пластик операциялардан сўнг ҳам таниб олиш имконини беради, шунингдек улар бир тухум ҳужайрадан туғилган эгизакларни ҳам фарқлай олади.

Юзни таниб олиш технологияси Токиода ўтадиган олимпия ўйинларида фойдаланиладиган ягона инновацион технология бўлмайди. Япония ташрифчиларни учувчисиз аппаратлар, дронлар ва водород ёқилғисидан фойдаланувчи транспортида ташиш, телетрансляцияларни 8K форматда тарқатиш, меҳмонларга голографик стендлар ёрдамида маълумотлар беришни йўлга қўйиш тараддудида.