Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг фикрича, АҚШ демократия ҳақида фақат вазият ўз қўлида бўлган вақтда эслайди. У Дузже вилоятидаги чиқиши вақтида шу ҳақида гапирган.

«АҚШ БМТга молиявий ёрдам беришни тўхтатганини маълум қилганди. Бу ерда қани демократия? Кўриниб турибдики, АҚШ фақат ўзига фойда келтирса демократияни эслайди», - дея қайд этган Эрдўған.

Унинг сўзларига кўра, акс вазиятда АҚШ демократия принципларидан воз кечишга тайёр туради.

У Туркия байроғи энди Африка давлатларида ҳилпираётгани ҳақида гапирди. 

«Судан ва Чад ёшлари Туркия байроқларини кўтаришмоқда, бу уларнинг бизнинг халққа бўлган улкан муҳаббатидан дарак. Бу шуни англатадики, биз Африка қитъасидаги халқларни бошқалардан ажратмаймиз. Таққослаб кўринг, 15 йил муқаддам Туркиянинг Африка қитъасида қанча элчихонаси бор эдию, ҳозирда қанча. Дипломатик миссияларимиз сони 12тадан 41тагача ортди. Туркия Африканинг барча мамлакатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатмоқчи», - деган Эрдўған.

Президент Қуддус мақомига ҳам тўхталиб ўтган.

Унинг айтишича, Туркия Қуддус масаласида ҳақ эди ва бу ўз исботини топди. 

«Биз Сурия, Ироқ ва Ғарб билан муносабатларда ҳақ бўлиб чиқдик. Биз Қуддус масаласида ҳам ҳақмиз ва бу исботланди», - деган Эрдўған. 

Президент жаҳон давлатлари унинг чақириқларини Ислом ҳамкорлик ташкилоти раиси чақириқлари сифатида қабул қилишган.  

«Мен барча ислом давлатлари раҳбарлари билан телефон мулоқотлари ўтказдим. Мен Рим Папаси ва Россия президенти Владимир Путинга ҳам қўнғироқ қилдим», - деган Эрдўған. 

Туркия президенти бу масалани Германия ва Франция раҳбарлари билан ҳам муҳокама этишини айтиб ўтган. 

«Биз Иордания қироли Абдулла II ва Фаластин президенти Махмуд Аббос билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Натижада бизни 128 мамлакат қўллади, фақат 8 мамлакат, жумладан, Исроил АҚШнинг томонида бўлди», - деган Эрдўған.