Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат халқи оммавий тартибсизликларни келтириб чиқараётган бир тоифа кишиларни бартараф эта олишига ишонч билдирди.

«Бизнинг халқимиз бу турли шиорлар куйлаб, эронликларни ҳамда инқилобимизни ҳақоратлаётган камчиликни енгади»,— дея Эрон президенти сўзларини келтирган «Интерфакс».

Охирги хабарларга кўра, Эрондаги тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 10 нафарни ташкил этмоқда.

Оммавий тартибсизликлар 28 декабрь куни Эроннинг энг йирик шаҳарларидан бири Машҳадда бошланганди. Ўша куни 200 киши тухум нархи кескин кўтарилишидан норозилик билдирганди. Полиция намойишга чиққанларнинг 52 нафарини ҳибс қилди. Бу эса мамлакатда норозилик тўлқинини пайдо қилди ва кейинги кунларда Ришт, Шероз, Исфаҳон, Кирмоншоҳ ва Ҳамадон шаҳарларида йирик намойишлар бошланди.

Намойишчилар полициячиларнинг автомобиллари ва мотоциклларига ўт қўйишмоқда, «диктаторга ўлим» дея ҳайқиришмоқда. Уларнинг чиқишлари мамлакатнинг олий диний раҳнамоси Али Хоманаийга, шунингдек, президент Ҳасан Руҳонийга қарши қаратилган.

Бундан аввалроқ Ҳасан Руҳоний намойишларга чиқиш Эрон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқи эканини айтганди.