Эрон президенти Ҳасан Руҳоний маълум қилдики, намойишларга чиқиш эронликларнинг конституциявий ҳуқуқидир. Аммо у «танқидни зўравонликдан фарқлаш» лозимлигига эътибор қаратган. Бу ҳақда Press TV телеканали хабарида айтилди.

«Намойишлар, танқид қилиш - одамларнинг конституциявий ҳуқуқидир... Лекин танқид давлатга зарар келтирувчи зўравонликдан фарқ қилиши керак», дея президент сўзларини келтирган телеканал.

Ўтган ҳафтанинг пайшанба кунида Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳадда тухум нархлари икки баробар ошишига норозилик сифатида 200 киши иштирокида норозилик акцияси бўлиб ўтди. Улар мамлакат ҳукуматининг иқтисодий сиёсатидан норозилик билдиришди. Полиция шу куни намойишга чиққан 52 кишини ҳибсга олиши норозилик тўлқинини бошлаб берди.

Кейинги кунларда мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам намойишлар бошланди.

Якшанба куни Теҳрон мэри Муҳаммад Али Нажафий намойишчилар баъзи биноларга зарар келтиргани, йўлларда ҳаракатланиш қийинлашгани ҳақида маълумот берди.

Ҳукумат Дўруд шаҳридаги тартибсизликлар вақтида икки киши ҳалок бўлганини тан олди ва шу билан бирга бу кишилар полициячилар томонидан ўлдирилмаганини иддао қилди.