АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни муваффақиятга эришган давлат деб ҳисобламаслиги ва бу давлатда ўзгаришлар вақти келганини маълум қилди.

«Эрон барча соҳада муваффақиятсизликка учради. Бу давлат АҚШ билан келишувга эришганига қарамасдан (Обама давридаги атом бўйича келишув - таҳр.) омадсизликка юз тутди. Буюк Эрон халқи кўп йиллар давомида репрессия остида яшади. Эронликлар овқат ва озодлик истайди. Эрон халқи талон-тарож қилинди, инсон ҳуқуқлари бузилди.

Энди эса ўзгаришлар даври келди!», деб ёзган Трамп ўз твиттерида.

Трамп бунга қадар ҳам Эрон билан ядровий келишувни кўп марта қоралаган. Келишувга кўра, «олтилик» давлатлари Эрон ядровий дастурида айрим чекловлар қилиши эвазига бу давлатга қўлланган бир қатор халқаро санкцияларни бекор қилган.

Кейинги кунларда Эронда диний ҳокимиятга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Айни вақтга келиб полиция билан тўқнашувлар вақтида 12 киши ҳалок бўлди. Намойишчилар мамлакатдаги иқтисодий муаммоларда нотўғри ташқи сиёсат олиб бораётган ҳукуматни айбламоқда. 

Якшанба куни Трамп Эрондаги норозилик акциялари Теҳрон терроризмни қўллаш учун катта маблағлар сарфлаётгани туфайли ички ҳаёт оғир аҳволга тушиб қолгани ортидан келиб чиққанини айтганди. Шу куни у Эрон ҳукуматига мурожаат қилиб, расмий Теҳронни фуқароларнинг ҳуқуқларини тан олишга чақирганди. Ўз навбатида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ президентининг чиқишини «асоссиз равишда намойишларни қўллаб-қувватлаш» дея баҳолаганди.

2015 йилнинг июлида Эрон ва 5 давлат - АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия иштирокида Эроннинг ядровий дастури фақат тинч мақсадларда сақлаб қолиниши бўйича келишув тузилганди. Унга кўра, Эрондан бир қатор халқаро санкциялар ечилганди.