Эрондаги норозилик намойишларининг охирги кунида рўй берган тўқнашувлар оқибатида яна 10 киши ҳалок бўлди ва қурбонлар сони 12 нафарга етди. Бу ҳақда Эрон давлат телевидениеси хабарида айтилган.

Манба маълумотига кўра, 31 декабрь куни полициячилар билан тўқнашувлар вақтида намойишчиларнинг 10 нафар вакили ҳалок бўлди. Ундан аввалроқ, 30 декабрь кунги тартибсизликлар вақтида икки киши ўлдирилганди.

Бундан ташқари, Эрон расмий нашрлари мамлакат хавфсизлик кучлари намойишчиларнинг бир қанча ҳарбий базалар ва полиция участкаларига ҳужумларини тўхтатиб қолгани ҳақида ёзмоқда. ОАВнинг ёзишича, ҳужум қилган намойишчилар қуролланган эди.

Эронда норозилик акциялари ўтган ҳафтанинг жума куни бошланди. Аввалига Машҳадда 200 киши тухум нархи кескин кўтарилишига қарши акция уюштирганди. Кейинроқ мамлакатдаги иқтисодий ҳолат бошқа йирик шаҳарларда ҳам норозилик намойишлари бошланишига олиб келди.

Намойишчилар, мамлакатнинг олий раҳбари - оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳокимиятдан ағдаришни истамоқда. Мамлакат президенти фуқароларни хотиржамликка чақирмоқда.

Эрон парламентининг Ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Алауддин Боружердининг айтишича, норозилик акцияларини Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси ташкилотининг душманлари ташқаридан туриб қўлламоқда. «Намойишчилар Ислом инқилоби душманлари бўлган ташқи кучлар олиб борган иш маҳсулидир», деган у.

Унинг сўзларига кўра, айнан шу туфайли намойиш қисқа вақт ичида бутун мамлакатни қамраб олди.