Греция атроф-муҳит муҳофазаси вазирлигининг маълумотларига кўра, аҳолиси 11 миллионга яқин бўлган мамлакатда бир йилда 4,5 миллиард пластик пакет ишлатилади. 

Ҳукумат қарорига кўра, бугундан бошлаб супермаркетларда пластик пакетлар пуллик бўлади — уларнинг ҳар бири 4 евроцентга сотилади. 2019 йилдан эса уларнинг нархи 9 евроцентга кўтарилади. 

— Пластик пакет бизнинг одатий истеъмолимизни тарк этиши керак. Биз истеъмолчиларнинг ҳулқ-атворини ўзгартириш пайидан бўламиз, чунки фуқароларимиз бундай пакетларни ишлатишнинг экологик оқибатларини чуқур англаб етишлари керак, — дея РИА Новости Греция атроф-муҳит муҳофазаси вазирининг ўринбосари Сократис Фамеллоснинг сўзларини келтирмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, пластик пакетлар жаҳоннинг кўплаб давлатларида тақиқланган. Улар чириш муддати узоқлиги сабабли атроф-муҳитга, жумладан, ҳайвонот оламига улкан зарар етказади.