Канада 1 январь кунидан эътиборан «Катта еттилик» (G7) раислигини бошлади. Бу мақом 2017 йилда бирлашмага раислик қилган Италиядан Канадага ўтди. «Еттилик»нинг навбатдаги, 44-саммити 8-9 июнь кунлари мобайнида Квебек-Сити шаҳридан 150 километр шимоли-шарқда жойлашган Ла Мальбе шаҳрида (Квебек вилояти, Шарлевуа тумани) ўтказилади.

«Канада G7 саммити 2018 йилда Шарлевуада ўтишидан мамнун. Бу ҳудуд мамлакатимизнинг бор бойлигини ўзида акс эттиради - икки тилликдан тортиб (Канадада инглиз ва француз тиллари расмий тил ҳисобланади - таҳр.) маданий хилма-хиллик, йилнинг исталган вақтида табиатнинг ажойиблигигача», - деганди Канада бош вазири Жастин Трюдо ўтган йилнинг майида «еттилик»нинг Италиядаги Таормине шаҳрида ўтказилган саммити якунида. 

Навбатдаги саммитда Россия ва Украина можароси, гендер тенглик, иқлим ўзгаришлари, хавфсизлик масалалари асосий мавзулар бўлиши кутилмоқда.

«Катта еттилик» сиёсий жамияти 1975 йилнинг 15-17 ноябрь кунларида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва Япония ўртасида тузилган, кейинчалик Канада қўшилиши билан G7 номини олган. 1997 йили Россия жамиятга қўшилиши билан G8 пайдо бўлган, аммо Россия 2014 йилда Қримни босиб олишидан кейин аъзоликдан чиқарилган.