Жанубий Кореянинг Hyundai ва Kia автомобиллари 2019 йилдан эътиборан виртуал ёрдамчиларга эга бўлади. Сунъий интеллектни Кремний водийсидаги SoundHound компанияси ишлаб чиқади. Айни компания Siri ёки Alexa каби чатботларни тузишда иштирок этмоқда.

Автомобиль овозли ёрдамчиси эшикни очиб, ёпади. Салондаги ҳароратни бир меъёрга келтиради, йўл йўналишини айтади, учрашувлар ва жорий ишларни ёдга солади. Ақлли уй жиҳозларини масофадан бошқаради ҳамда Alexa чатботи қила оладиган ишлар, янгиликлар ва об-ҳаво ҳақида сўзлайди. 

Гарчи бу автомобиллар учун илк овозли ёрдамчи бўлмаса-да, SoundHound ишлаб чиқараётган виртуал ёрдамчи бир неча буйруқни бир вақтнинг ўзида тушуниши керак. Масалан, ҳайдовчи чироқларни ёқишни ва об-ҳаво ҳақида сўраса, тизим икки талабни ҳам бир вақтда бажариши лозим бўлади, деб ёзади TechCrunch.

Intelligent Personal Assistant деб номланувчи сунъий интеллект 2018 йилнинг илк кўргазмаси - CES 2018’да расман намойиш этилади. Синов ишлари ҳам 2019 йилда етказиб беришга улгуриш учун шу йили бошланади.
 
Сўнгги вақтларда Hyundai компанияси кўп-кўп ваъда бермоқда: яқинда келаси 8 йилда автомобиль бозорига 38 та янги электромобилни тақдим этишини билдирган эди. Унинг 7 таси яқин 5 йилда пайдо бўлиши керак. Бу Осиё ишлаб чиқарувчисини электромобиллар ишлаб чиқариш соҳасида ҳам етакчига айлантириши керак.