«Лестер Сити» португалиялик ярим ҳимоячиси Адриен Силвани қайдномадан ўтказди. Бу футболчи трансфери бўйича Лиссабоннинг «Спортинг» клуби билан ёздаёқ келишувга эришилган, аммо инглизлар уни трансфер қилишга улгуришмаганди.

«Лестер» 28 ёшли бу ҳавбек учун ёзги трансферларнинг сўнгги кунида 22 миллион фунт тўлаганди, аммо «тулкилар» раҳбарияти Силвани қайдномадан ўтказишга 14 сония кечикканди.

Халқаро футбол федерацияси эса бу вақт туфайли унинг трансфер ҳужжатларини қабул қилмаган. Кейинроқ «Лестер» апелляция билан мурожаат қилди, аммо рад жавоби берилди. Ноябрь ойида Спорт арбитраж суди футболчини инглизлар клубига вақтинча қайд этишни ҳам истамади.

Фақатгина бугун, январь ойининг биринчи кунида қишки трансферлар даричаси очилиши билан «Лестер» зарур ҳужжатларни топширди ва ҳужжатлар қабул қилинди.

FA қоидаларига кўра футболчи қайдномадан ўтказилган куниёқ янги жамоаси учун ўйнаши мумкин эмас, шу туфайли Силва «Лестер»нинг бугун Англия Премьер-лигаси 22-тури доирасида «Ҳаддерсфилд Таун»га қарши учрашувида иштирок эта олмайди.

Sky Sports маълумотига кўра, португалиялик футболчи Англия Кубоги доирасида 6 январь куни «Флитвуд Таун»га қарши кечадиган учрашувда дебют қилади.