Франция Европадан ажралган ҳолда фаровонликка эриша олмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Эмманюэль Макрон халққа янги йил табриги вақтида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра 2018 йил Европа келажаги учун курашдаги ҳал қилувчи йил бўлади.

«Европа учун 2018 йил ҳал қилувчи йилдик. Сиз биласизки, мен бу жанг учун тўла тайёрман. Мен Европанинг фаровонлиги — Франция фаровонлиги учун муҳимлигига, Франция кучли Европасиз муваффақиятга эриша олмаслигига ишонаман», — деган Макрон.

«2018 йил алоҳида йил бўлади. Мен сизларнинг кўмагингизга муҳтожман», — дея Европа мамлакатлари фуқароларига юзланган Макрон. У Евроиттифоқдаги тарафдорларини Европа лойиҳасига янги йилда янги импульс беришга чақирган. 

У Европа Иттифоқининг иқтисодий, ижтимоий ва илмий салоҳияти Хитой ва АҚШ билан тенглашишга имкон беришини таъкидлаган.

«Мен европача сакраш амалга оширилиши учун сизнинг ёрдамингизга умид қиламан. Биз биргаликда ҳаракат қиламиз ва миллатчиларга ҳам, скептикларга ҳам ҳеч нарсани бериб қўймаймиз», — деган Макрон.

У Франция қочқинларни қабул қилиш ва уларга ёрдам беришни давом эттиришини маълум қилган. Шу билан бирга Франция барчани қабул қила олмаслиги ва бу жараён умумий қоидалар асосида кечишини қўшимча қилган. Ички сиёсатда Макрон ислоҳотларни давом эттирмоқчи ва шу мақсадда у фуқароларни бирликка чақирмоқда.

Макрон 2017 йилнинг майида ўтказилган сайловларда ғалаба қозониб Франция тарихидаги энг ёш президентга айланганди. У қасамёд қабул қилиш вақтида 39 ёшда бўлган. Сайловда унинг асосий рақиби«Миллий фронт» етакчиси Марин Ле Пен бўлганди, бу сиёсатчи евроинтеграцияга қарши бўлганди.

Макрон сайловда иштирок этиш ва ғалаба қозониш учун «Олға, Республика!» сиёсий ҳаракатини тузганди.