Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган «2018–2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида» ги қарори ҳам кейинги беш йилда ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, диагностика ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, миллат генофондини яхшилаш бўйича дастуриламал ҳужжат бўлди, деб таъкидлайди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 2017 йил сарҳисоби бўйича вазирлик сайтида эълон қилинган мақолада.

Қарор доирасида, 195та марказий кўп тармоқли туман ва шаҳар поликлиникаларининг пренатал ташхис хоналарини юқори ҳал этиш қобилиятига эга бўлган стационар УТТ-сканер аппаратлари билан жиҳозлаш белгиланган. Ушбу мақсад учун Давлат бюджети ҳисобидан 200 та УТТ-сканер аппаратлари харид қилинади. Бу эса ҳомиладор аёлларни УТТ текшируви билан 100 фоиз қамраб олиш (илгари ушбу кўрсаткич 50 фоизни ташкил қиларди) ва 14 ҳафтагача бўлган муддатда ҳомила ўсишида туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш, ўлимга олиб борадиган нуқсонларга эга болалар туғилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Эҳтиёж ўрганилган ҳолда қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг штатлар жадвали қайта кўриб чиқилмоқда.

Дори-дармонга ажратилаётган маблағлар ҳажмини ошириш, тиббий ёрдам бригадаларини керакли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, кадрлар билан тўлиқ таъминлаш ишлари мукаммал адо этилмагунча тизим биз кутган натижани бермайди. Шу мақсадда бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган, туну кун ишлайдиган, ягона қисқа телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этиш белгиланган, — дейди соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ўз ҳисоботида.