Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов вазирлик расмий сайтида 2017 йил сарҳисоби ҳамда 2018 йилдаги режалар ҳақида ўз фикларини баён этди.

Сарҳисобда вазирнинг қайд этишича, 2017 йилда поликлиникалар раҳбарлари ва мутахассисларининг фаолияти бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилди. Шифокор қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон тизим босқичма-босқич жорий қилинмоқда.

Бироқ халқимизнинг бирламчи тизим бўйича талабини қондириш учун бунинг ўзи етарли эмас ва ушбу йўналишда 2018 йил учун муҳим режаларимиз бор:

Аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тизимли патронаж қамрови сифатини яхшилаш, бирламчи тизимда моддий-техника базани мустаҳкамлаш ва стационар муассасалар билан узвий ҳамкорликни таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришимиз лозим. Аниқланган касалликлар диспансеризациясини тизимли равишда амалга ошириш, она ва бола скрининги ҳамда тиббий генетик хизматни яхшилаш каби ўта долзарб ва ижтимоий аҳамияти юқори бўлган масалалар устида астойдил ишлашимизни даврни ўзи тақозо қилмоқда.

Бунинг учун 1046та қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техника базасини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича 2018–2021 йиллар учун дастур шакллантирилди. Унга кўра:

2018 йилда — 146та муассаса учун 112,7 млрд.сўм;

2019 йилда — 243та муассаса учун 181,4 млрд.сўм;

2020 йилда — 315та муассаса учун 242,0 млрд.сўм;

2021 йилда — 338та муассаса учун 269,0 млрд.сўм — жами 805,1 млрд. сўм маблағ ажратиш кўзда тутилди.

Яна бир муҳим жиҳат — 2018 йилда ҚВП ва ҚОПларни ЭКГ, лаборатор ва стерилизацион ускуналар, гинекологик, хирургик ва шифокорлик жамланмалари билан қўшимча жиҳозлаш белгиланган.

Шошилинч тиббий хизмат тизимини такомиллаштириш, унинг фаолият самарадорлиги ва тезкорлигини янада ошириш борасида ҳам изчил ислоҳотлар ўтказилди. Давлатимиз раҳбарининг шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга доир фармони доирасида:

  • 2017 йилнинг ўзида 1 минг 269 дона тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган автотранспорт воситаси сотиб олинди;
  • тез-тиббий ёрдам хизматини дори воситалари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми 2 баробарга оширилди;
  • дори воситалари билан марказлашган ҳолда таъминлаш йўлга қўйилди;
  • 55 та касаллик тури бўйича ягона стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилмоқда.

Шошилинч тиббий ёрдам хизматини дори воситалари билан таъминлаш учун 2016 йилда 4,8 млрд.сўм ажратиладиган бўлса, 2017 йилда 9,6 млрд.сўм, 2018 йилда эса 22,5 млрд.сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган, — дейилади вазирнинг ҳисоботида.