«Ўзавтосаноат» томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус автотранспорт воситалари тақдим этилди, деб хабар беради компания расмий сайти.

Фото: Uzdaily.uz

«Ўзавтосаноат» АЖда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 декабрда қабул қилинган «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарорлари ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Марказий банк, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзавтосаноат» ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ вакиллари иштирок этишди.

Президент қарори билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.

«Ўзавтосаноат» АЖ биносида ўтказилган йиғилишда компаниянинг «SamAuto» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган пандусли LE60 русумли автобуси ҳамда «GM Uzbekistan» АЖ томонидан ногиронлар учун мўлжалланган махсус мосламали Spark русумли автомобили тақдим этилди.

Йиғилганлар ушбу транспорт воситаларини кенг ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва уларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг фойдаланишлари учун етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.