Венесуэла ҳукумати янги йилнинг биринчи куни – 1 январдан энг кам ойлик иш ҳақини 40 фоизга оширди. Бу ҳақда мамлакат президенти Николас Мадуро эълон қилди. 

"Мен бутун мамлакат бўйлаб энг кам ойлик иш ҳақини 40 фоизга оширилишини эълон қиламан", - деган у Venezolana de Television телеканалида эфирга узатилган Янги йил мурожаатида. Президентнинг сўзларига кўра, шу билан энг кам ойлик маош 177,5 минг боливардан 248,5 минг боливарга ошади. Давлат курси бўйича 10 боливар 1 долларга тенг бўлса-да, қора бозорда бир долларга 110 минг боливар беришади. 

Мадуронинг қайд этишича, 2017 йил "Боливар инқилоби учун энг мураккаб йиллардан бири бўлган". "2017 йили, иқтисодиёт тиклана бошлаганида <...>, миллий валюта қадрига ҳужумлар кучайди ва нефть саноатига қарши қўпорувчиликлар кузатилди", - деди президент. Унинг қайд этишича, қийинчиликларга қарамай, Венесуэла "ижтимоий тинчлик ва сиёсий барқарорликка эриша олган".

Венесуэла сўнгги бир неча йиллар мобайнида жиддий ижтимоий-иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Ўтган йили мамлакат ҳукумати энг кам ойлик иш ҳақини 5 марта оширишга мажбур бўлди. 

ХВЖ 2017 йил якунларига мувофиқ, истеъмол товарлари нархи 652,7 фоизни, 2018 йилда бу рақам 2349,3 фоизни ташкил этишини тахмин қилган эди.