Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай Покистон масаласи бўйича АҚШ президенти Дональд Трампни қўллаб-қувватлади ва минтақада тинчликни таъминлаш учун покистонлик ҳарбийларга босим ўтказишга чақирди. 

Аввалроқ Трамп твиттерда АҚШ Покистонга кўплаб йиллар давомида молиявий ёрдам кўрсатгани, бироқ Исломобод террорчиликка қарши курашда ёрдам бермай, аксинча афғонистонлик жангариларни яширганини, бироқ “энди бундай бўлмаслигини” ёзган.  

“Президент Трампнинг Покистоннинг охирги 15 йил ичидаги иккиюзламачилиги борасидаги твити террор билан кураш афғон қишлоқлари ва уйларини эмас, балки Афғонистондан ташқаридаги бошпаналарни бомбардимон қилишдан иборат эканлигининг тасдиғи ҳисобланади”, деб ёзган Карзай твиттерда.

“Мен Трампнинг айтганларидаги аниқликни қўллаб-қувватлайман ҳамда АҚШ ва минтақанинг биргаликдаги коалициясига нафақат Афғонистонда, балки бутун минтақада тинчликни таъминлаш учун Покистон қуролли кучларига босим ўтказишни таклиф қиламан”, деб қўшимча қилган Карзай.       

Аввалроқ Трамп агар Покистон ўз ҳудудида яширинаётган террорчиларга қарши курашмаса, унда “кўп нарсани йўқотиши мумкинлигини” айтган.