Сурия раҳбарияти Вашингтоннинг Эрондаги норозилик намойишлари билан боғлиқ вазият бўйича позициясини қатъий қоралайди ҳамда уни минтақадаги ҳолатни беқарорлаштиришга йўналтирилган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Сурия Араб Республикаси ТИВ баёнотида айтилади.

Аввалроқ, душанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter’да норозилик намойишлари гирдобида қолган Эрон учун ўзгаришлар вақти келганини маълум қилганди.

"Сурия АҚШ маъмурияти ва унинг назорати остида бўлган тузилмаларнинг Эронда рўй бераётган ҳодисалар бўйича позициясини қатъий қоралайди. Мамлакат раҳбариятининг фикрича, бундай позиция вайронакор кучга эга ҳамда минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган", - дейилади баёнотда.

Шунингдек, ташқи сиёсий идора баёнотида айтилишича, "Сурия Эронни тўла қўллаб-қувватлайди ҳамда Эрон суверенитетини ҳурмат қилиш ва унинг ички ишларига аралашмаслик лозимлигини эслатади".

"Суриянинг ишончи комилки, Эрон ҳукумат, раҳбарият ва халқ билан бирга рўй бераётган ҳодисага якун ясашга муваффақ бўлади", - дея хабар қилинади ҳужжатда.

Эроннинг йирик шаҳарлари – Теҳрон, Машҳад, Исфахон ва Рештда 28 декабрдан оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакат президенти Ҳасан Руҳонийнинг маълум қилишича, намойишлар давлатдаги ички муаммолар туфайли, шунингдек бошқа мамлакатлар фитнаси билан ўтказилмоқда. Эрон ОАВ маълумотларига кўра, норозилик намойишлари вақтида 10 киши ҳалок бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Миллий хавфсизлик бўйича олий кенгаши котиби Али Шамхоний мамлакатдаги норозилик акциялари Теҳрон билан қатор давлатлар олиб бораётган “бевосита уруш” доирасида бўлиб ўтаётгани ҳақида маълум қилганди.