Эронда охирги 3 кунда 450 киши ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этгани учун қўлга олинди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар тарқатди.

«Шанба куни 200 киши, якшанба куни 150 киши ва душанба куни 100 киши қўлга олинди», — дея Теҳрон губернатори Али Асқар Нассербахтнинг сўзларини келтирган агентлик.

Эрон Инқилоб суди раҳбари Ҳужжатулислом Мусо Қозонфарободий қўлга олинган намойишчиларни шафқатсиз жазолар кутаётганини маълум қилди. У ҳукумат огоҳлантирганига қарамай, одамлар намойишларни давом эттираётганини қайд этиб ўтган.

«Улар намойишчилар сифатида эмас, исёнчилар сифатида қабул қилинади. Улар давлатга зарар келтираётган исёнчилардир», деган у.

Унинг қайд этишича, қўлга олинганлар хорижий кучлар разведкаси билан алоқадорликда гумон қилинмоқда ва уларни суд кутмоқда.

Бундан аввалроқ Миллий хавфсизлик бўйича олий кенгаши намойишларда АҚШ, Буюк Британия ва Саудия Арабистонини айблаб чиққанди.

28 декабрь кунидан буён Эроннинг йирик шаҳарларида мамлакатдаги оғир иқтисодий вазиятга норозилик сифатида юз минглаб кишилар намойишлар ўтказмоқда. Охирги хабарларга кўра, тартибсизликлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 20 нафардан ошган.