Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори тайинланди. Бу ҳақда KUN.UZ манбаси хабар берди.

Қайд этилишича, Раҳим Расулжонович Ҳакимов ушбу институт директори лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни ўтказилган парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис ҳузурида қонунчилик муаммоларини ҳал қилиш институти ташкил этилишини таклиф қилганди. 

Раҳим Расулжонович Ҳакимов 1983 йилда туғилган. Юридик фанлари номзоди, доцент. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг аъзоси.

Р.Ҳакимов 2005-2014 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида масъул лавозимларда ишлаган.