LeEco холдинги асосчиси Цзя Юэтин Пекин ҳукуматининг 2017 йил охирига қадар Хитойга қайтиш ва ўз компаниясига қарзлардан қутулишда ёрдам беришга доир талабларини рад этди. Ишбилармон АҚШда қолди, деб ёзади Bloomberg Юэтиннинг WeChat ва Weibo'даги баёнотига асосланиб.

Юэтин бундай қарорини ўзи сармоядорлик қилаётган Faraday Future стартапи учун маблағ тўплашни тугаллаш зарурати билан изоҳлади. Компания FF 91 электрокари устида ишламоқда.

"АҚШда Faraday Future учун маблағ тўплаш сезиларли тараққиётга эришди. FF 91электрокарини серияли ишлаб чиқариш ва ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш учун кўп масалаларни ҳал қилишим керак". 

 LeEco асосчиси Цзя Юэтин.

LeEco асосчиси Цзя Юэтин. Фото: Bloomberg

Юэтин акаси Цзя Юэмин ва турмуш ўртоғи Ган Вэйдан Leshi Internet Information & Technology Corp. компанияси (LeEco унинг шўъба корхонаси) манфаатларини ҳимоя қилишни сўради. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, 2017 йилнинг 29 декабрида Юэмин ҳукумат вакиллари билан учрашиб, улар билан холдинг муаммоларини муҳокама қилган.

"LeEco қарзининг салбий таъсири сабаб жуда афсусдаман ва ўзимни айбдор деб ҳис қилмоқдаман", - қўшимча қилди Юэтин. Ишбилармон компаниянинг молиявий муаммоларини 2017 йилнинг июлидаги муддатидан ўтган тўлов билан изоҳлади, унинг сўзларига кўра, айнан шу тўлов активларнинг музлашига олиб келган.

Юэтин шунингдек ёлғон ва сохта хабарлар ҳам бизнесга салбий таъсир кўрсатганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, шундан кейин кредиторлар ва етказиб берувчилар билан боғлиқ муаммолар юзага келган.

Хитойнинг қимматбаҳо қоғозларни тартибга солиш билан шуғулланувчи комиссияси 2017 йилнинг декабрь ойи ўртасида Юэтиндан Хитойга қайтишни талаб қилди, у йил охирига қадар ватанига қайтиши керак эди. Ишбилармон Leshi'га ваъда қилинган кредитларни тақдим этмади, дея маълум қилган комиссия.

Декабрь ойи охирида Хитой суди Юэтиннинг банк ҳисоб рақамларидаги 1,3 миллион юань (200 минг доллар) ва унинг бошқа активлар, шу жумладан кўчмас мулк ва Leshi акциялари пакетини ҳам ҳибсга олди.

LeEco гуруҳи смартфонлар ва бошқа электроникани сотиш, "Хитой Netflix'и" дея эътироф этилган онлайн-кинотеатр ва бизнеснинг бошқа йўналишларини ривожлантириш билан шуғулланган.

Юэтин бизнесни ривожлантириш ва тезкор халқаро экспансия учун салмоқли суммалардаги кредитларни жалб қилган. 2016 йил охирида холдинг жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келган. LeEco'нинг кредиторлар олдидаги қарзи 10 миллиард юан (1,54 миллиард доллар)га етди.