Молдавия Конституцион суди мамлакат президенти Игорь Додоннинг ваколатларини вақтинчалик тўхтатиб қўйди. Суд бу қарорни ҳукуматдаги коалиция депутатлари гуруҳи (Демократик партия) сўровига кўра қабул қилди.

Бунга ўтган ҳафтада Додон бош вазирнинг 5 вазирлик раҳбари ва икки вазир ўринбосари лавозимига таклиф этган номзодларини иккинчи мартаба рад этиши сабаб бўлмоқда.

Эндиликда суд президент ваколатлари кимга ўтишини ҳал қилиши керак. Бу парламент спикери Андриан Канду ёки бош вазир Павел Филип бўлиши мумкин. Яқин вақт ичида улардан бири ҳукумат вакилларини тайинлашга киришади.

Бундан аввалроқ Конституцион суд Кандуга мудофаа вазирини мустақил равишда тайинлашга рухсат берганди.

Игорь Додон россияпараст сиёсатчи ҳисобланади, Демократик партия эса Европа Иттифоқи билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилади.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Додон муддатидан аввалги парламент сайловлари ўтказиш ва мамлакатни парламентар республикадан президентлик республикасига айлантириш кампаниясини бошлаганди. Унинг бу қарори Молдавия Конституцион Суди уни де-факто равишда декоратив фигура сифатида кўра бошлаганидан кейин қабул қилинганди. Игорь Додоннинг имзоси эндиликда вазирлар, судьялар ва элчиларни тайинлашда, шунингдек, қонунлар кучга киришида аҳамиятга эга бўлмайди.

Декабрь ойида бош вазир таклифи билан Додон ҳукуматдаги 9 вазирдан 6 нафарини истеъфога чиқарганди. Ўз навбатида у бўшаган лавозимларга бош вазир томонидан таклиф этилган номзодларни тасдиқламади.