Инсон туғилгандан то умрининг охирига қадар ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси бўлади: уйингиздан чиқиб, автобусга ўтирасиз, бу сизнинг транспорт корхонаси билан оғзаки шаклдаги йўловчи ташиш шартномаси тузганлигингизни ангатади. Шартномага кўра, корхона сизни муайян манзилга олиб бориб қўйиш, сиз эса йўл кира ҳақини тўлаш мажбуриятини оласиз.

Ё айтайлик, дўконга кириб, харид қилдингиз. Бу олди-сотди шартномаси. Унга асосан савдо ташкилоти сизга тегишли сифат ва миқдордаги товарни бериш, сиз унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оласиз.

Ишга келдингиз. Сиз меҳнат муносабтларига иштирокчисига айланасиз. Ходим сифатида бир талай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўласиз. Иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришасиз.

Уйга қайтасиз. Кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтасиз. Ҳаракат хавфсизлиги нозири сизни маъмурий жавобгарликка тортади. Сиз — маъмурий-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси. Уйга келасиз. Эр-хотин, ота-она ёки фарзанд сифатида оила ҳуқуқий муносатлари иштирокчисисиз...

Демак, инсон ҳаёти давомида юридик ва жисмоний шахслар билан сон-саноқсиз шартномалар тузади, ҳуқуқий муносабатларга киришади ва албатта, шартнома тарафи, ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси сифатида муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.

Ўз ҳуқуқларини яхши билмаслик, тушунмаслик кишини ўзига қонун томонидан берилган имконият ва эркинликлардан лозим даражада фойдалана олмаслигига олиб келиши билан бирга, ҳақ-ҳуқуқлари бошқалар томонидан бузилганда уларни ҳимоя қилиш ва тиклаш имконини йўққа чиқаради. Қонун талабини тушунмаслик оқибатида ўз шартномавий ва қонун билан юклатилган мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик кишини умри давомида кўп бора моддий, интизомий, маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилишига, ўзгаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказилишига сабаб бўлиши мумкин.

Қонунни билмаслик шахсни жавобгарликдан озод қилмайди. Шу маънода қонунни билмаслик, ҳуқуқий онгнинг, савиянинг пастлиги инсоннинг пойига солинган тушов, занжирга ўхшаб кетади. Тушовланган шахс эркин, озод юролмагани, ҳаракатлана олмаганлиги, ўзини ташқи хавфлардан етарлича ҳимоя қилолмаганлиги каби ҳуқуқий онгнинг пастлиги кишининг ҳуқуқ ва эркинликларининг рўёбга чиқариш, мажбуриятларини адо этишига имкон бермайди. Бундай шахс ҳаётда умр бўйи панд еб юради.

Ҳуқуқий саводсизлиги уни қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларидан етарлича фойдалана олмаслигига, бошқа шахслар билан ҳуқуқий муносабатларда «ютқазиб» қўйишига, ҳуқуқи бузилганда эса уларни ҳимоя қилолмасдан сарсон-саргардон юришига сабаб бўлади.

Биргина мисол: Бир танишим ойлик маошиларини йиғиб, яхшигина пулга дўкондан рангли телевизор сотиб олибди. Орадан икки кун ўтиб, телевизор ишламай қолибди. Танишим телевизорни кўтариб, дўконга борибди. Аммо сотувчи «биз сизга телевизорни текшириб, ўзингизга кўрсатиб, соз ҳолатда берган эдик. Ўзингиз ундан нотўғри фойдаланганликларинг оқибатида бузилган», дея ноумид қайтарибди. Йигит арз қилиб, дўкон мудирининг олдига кирибди. Аммо у ҳам «ёрдам қилолмайман» дебди. Чорасиз қолган бечора танишим янги телевизорни устага топширибди. Уста каттагана ҳақ эвазига телевизорни таъмирлаб берибди.

Ҳолбуки, Фуқаролик Кодексининг 434-моддасида ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасида келтирилганки, нуқсонли товар сотилган истеъмолчи ўз хоҳишига қараб кафолат муддати мобайнида (кафолат муддати белгиланмаган товарлар бўйича 6 ой давомида) қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли: товарни айни шундай маркали мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш, товарни бошқа маркали шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишлича қайта ҳисоб-китоб қилиш, товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш, харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.

Истеъмолчининг талаблари у касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатни тақдим этган тақдирда кўриб чиқилади. Истеъмолчининг қонун ҳужжатларининг ушбу талабини билмаслиги унинг каттагина пулга куйишига, беҳуда оворагарчиликларига, кераксиз асаббузарликларига сабаб бўлган.

Бошқа бир тадбиркор дўстимиз «Сувсоз» корхонаси томонидан сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун асоссиз равишда жаримага тортилган. Қарордан норози тадбиркор унинг устидан «сувсоз»нинг юқори ташкилотига, туман ҳокимиятига, газета таҳририятиларига шикоят қилган. Фойдаси бўлмагач, ҳали ишини бошламасдан туриб, каттагина жаримани тўлашга мажбур бўлган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси ва Хўжалик процессуал кодексининг 1-моддаларига мувофиқ шахснинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилишга ҳақли. Тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш қоидаларини билмаслиги унга қимматга тушган — маблағини кўкка совурган, асабини йўқотган, кўнгли ишдан совуган.

Бу каби ҳолатлар ҳар бир кишининг фаолиятида кўп бора учрашини ҳисобга олганда, ҳуқуқий билимларнинг инсон ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишини тасаввур этиш қийин эмас.

Хўш, нима қилмоқ керак? Ишни нимадан бошлаш лозим?

Халқимизда «тарбия бешикдан бошланади», деган нақл бор. Бу, албатта, ҳуқуқий тарбияга ҳам тааллуқли. Болаларнинг онгига гўдаклигиданоқ нима мумкин, нима мумкин эмас, нима яхшию, нима ёмонлигини аста-секинлик билан сингдириб бориш лозим.

Бировнинг нарсасини сўрамасдан олиш, кўчага, тоза жойга ахлат ташаш, табиатни ифлослантириш, йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтиш, тўсиқлар устидан ошиб ўтиш, светофорнинг қизил чироғида ўтиш, ўсимликларни пайҳон қилиш, боғчага, мактабга кечикиш, ўзгаларни хафа қилиш, сўкиниш, кечки пайт ёлғиз юриш, рухсатсиз кўчага чиқиш, телефонда узоқ сўзлашиш, компьютерда узоқ ўтириш, вақтни беҳуда сарфлаш, китоб ўқимаслик, катталарнинг сўзига кирмаслик ва ҳ.к. амаллар ёмон эканлигини, уларни қилиш мумкин эмаслигини шуурига сингдириб боришимиз даркор. Болажонлар эрталаб юз-қўлларини ювгани каби бу амалларни бажариш ҳам ҳаётий эҳтиёжларига айланиб қолсин.

Бунинг учун ҳар жойда — уйда, боғчада, мактабда, меҳмонда; ҳар доим — чой устида, жисмоний тарбия билан шуғулланиш пайтида, дарс ва иш жараёнларида, дам олиш пайтида; ҳар қандай воситаларда — дарсликлар, адабиётлар, кўрсатувлар, эшиттиришлар, мультфильмлар, кино, театр ва бошқа оммавий тадбирлардан унумли фойдаланиш, ҳуқуқий тарбияни тарбиянинг бошқа шакллари билан қўшиб олиб бориш тақозо этилади.

Мисол учун мультфильмларни жон-дили билан томаша қилмайдиган бола топилмаса керак. Демак, ундан болаларни ҳуқуқий тарбиялаш воситаси сифатида фойдаланиш катта самара бериши турган гап. Айтайлик, мультфильм қаҳрамони бўлган бола мактабга кета туриб, шўхлик қилиб, светофорнинг қизил чироғида йўлни кесиб ўтади ва автоҳалокатга сабабчи бўлади... Бошқа бир бола эса чаққан писталари пўчоғини кўчага ташлайди. Буни кўриб қолган отахон болани уялтиради...

Шу мақсадда ўқув дастурлари, дарсликлар, адабиётлар, қўлланмалар ҳуқуқий тарбия руҳида қайта ишлаб чиқилиши, телевидение, газета ва журналлар ва бошқа нашрлар шунга мослаштирилмоғи лозим.

Амалдаги мактаб ўқув дастурига кўра ўқувчиларга ҳуқуқ асослари фани учун жуда кам соат ажратилган. Ҳафтасига бир соатлик дарс жараёнида боланинг ҳуқуқий билим асосларини ўрганиб олиши жуда қийин. Бу соатни кўтариш билан бирга қўшимча дарсларни, амалий машғулотларни йўлга қўйиш ҳам яхшигина самара беради.

Масаланинг бошқа ечимлари ҳам бор: айтайлик, амалдаги ўқув дастурига кўра, математика фани учун ҳафтасига 5-6 соат берилган. Синфда 30 бола бўлса, шулардан кўпи билан ўн нафари математикани ўзлаштириши мумкин. Қолган 20 бола математикани тўла тушунмайди. 4–5 синфларда бола ҳаракат қилса, математикани ўзлаштириб олса бўлади.

Аммо бошланғич синфда бу фанни ўзлаштирмаган болани 8–9 синфларда қийнашдан нима фойда. Бир ўзгарувчи тенгламани ёки квадрат тенгламани ёки оддийгина карра жадвалини билмаган болага тригонометрияни уқтириш мумкинми? Математикага тушунмаган бола геометрияни, физикани, кимёни ҳам ўзлаштира олмайди. Бу фанлар ҳам катта синфларда ҳар куни борлигини ҳисобга олсак, 20 нафар ўқувчи ҳар куни 2–3 соат бу дарсларда бекорга ўтиришга мажбур бўлади.

Балки, математикани яхши ўзлаштирган 10 бола билан алоҳида кучайтирилган дастур асосида шуғулланиб, қолган 20 нафарига математика, физика, кимёдан дарсларни қисқартириб, уларнинг қизиқишига қараб, меҳнат, жисмоний тарбия ва ҳуқуқ асослари фани дарсларини кўпайтириш кўпроқ самара берар. Буни бир неча ҳудудларда тажрибадан ўтказиб кўриш лозим.

Бизнингча, «Ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарбияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш, бу соҳага оид Давлат дастурини ишлаб чиқиш давр талабига айланди.

Бу ҳужжатлар қайд этилган муаммолар билан бирга келажагимиз бўлган ёшларнинг жисмонан соғлом, қалбан пок ва ақлан теран бўлиб етишишлари, маънавий, маданий иммунитетлари мустаҳкамланиши, турфа хил ёт ва хатарли оқимларга оғмасликлари, «интернет», «телефон» касалликларига чалинмасликлари, ва аксинча, мустақиллик, эзгулик, адолат, иймон, инсоф, ҳалоллик, қонунларга ҳурмат ғояларига садоқат руҳида камол топишлари, комил инсонлар бўлиб етишишлари учун ҳуқуқий замин бўлмоғи лозим.

Комил Синдаров,

юридик фанлари доктори