Хитой 2018 йилда 35 та коинот парвозини амалга оширмоқчи. Бу Хитой коинот дастури учун рекорд натижа бўлади. Бу ҳақда Хитойнинг аэрокоинот фани ва техникаси корпорацияси (CASC)  баёнотида айтилган.

Баёнотда айтилишича, жорий йил Хитойнинг бир қатор коинот дастурларини ривожлантиришдаги муҳим йил бўлади. 2018 йилда кўплаб лойиҳалар амалга оширилишининг энг муҳим палласига киради. Хусусан, гап “Чанъэ-4” ой қурилмаси миссияси ҳақида кетмоқда. Миссияда қурилмани Ойнинг кўринмас томонига қўндириб, у ердан Ер билан алоқа ўрнатиш кўзда тутилган. Аввалроқ қурилма коинотга “Чанчжэн-5” ракета-ташувчиси ёрдамида олиб чиқилиши маълум қилинганди.  

Хитой 2018 йилда коинотга 3-авлоддаги 18 та “Бэйдоу” сунъий йўлдошини олиб чиқмоқчи. Бу қурилмалар парвози Хитойнинг ўз глобал навигацион тизимини яратиш дастури доирасида амалга оширилади.

Хитой ҳозирда миллий орбитал станцияни қуриш дастурини фаол илгари сурмоқда. Станция 2022 йилдан фойдаланишга киритилмоқчи. У ҳар бири 20 тоннага яқин келадиган учта модулдан иборат бўлади. Айни вақтда мавжуд ракета-ташувчилар қуввати бу станцияни коинотга олиб чиқиш учун етарли эмас, шу сабабли “Чанчжэн-5” сериясидаги оғир ракеталар қўлланиши режалаштирилган. “Чанчжэн-5” ракетасининг учирилиши Хитой коинот дастурини ривожлантиришдаги энг муҳим ҳодисалардан бири бўлади.

2017 йилда Хитой 16 та коинот парвозини амалга оширган.