Ҳокимият тепасига “қон орқали” келган амалдорлар ўз ҳаракатлари учун жавоб беришлари керак, дея маълум қилди Украина Радаси депутати Надежда Савченко NewsOne телеканали эфирида.

"Кўрамиз, Украинанинг йўли қандай ривожланиб боради. Агарда инқилоб реванш олса, у ҳолда, ҳокимият тепасига қон билан келганлар, ўз қони билан нарх тўлайди. Умид қиламанки, айнан шундай бўлади, сабаби бу адолатли", - дея айтиб ўтди Савченко.

Депутатнинг сўзларига кўра, ҳокимият тепасида бўлганларнинг барчаси ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб бериши керак, акс ҳолда уларнинг ўрнига келадиган амалдорлар жиноятга жазо йўқ, деб ҳисоблашлари мумкин.

Украинада 2014 йилнинг февралида давлат тўнтариши содир бўлди. Олий рада президент Виктор Януковични ҳокимиятдан четлатди, у эса, ўз навбатида, мамлакатдан қочиб кетди. Янукович ва бошқа собиқ амалдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Грицак Россия билан чегарада биометрик назорат тизимини жорий қилиш Украина миллий хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши ва рус махсус хизматлари ходимларининг ишини қийинлаштириши ҳақида маълум қилганди.