КХДР 3 январь куни Жанубий Корея билан чегарасида махсус "қайноқ алоқа линияси" очилгани ҳақида маълум қилди. Кейинроқ Жанубий Корея вакиллари ҳам буни тасдиқлашди. 

Линия КХДР ва Жанубий Корея ўртасидаги демилитаризация қилинган ҳудуд - Пханмунджом қишлоғи орқали ўтади. Чоршанба куни эрталаб чегарачилар ўртасида қўнғироқ алмашинуви бўлди, бироқ унинг мазмуни ошкор этилгани йўқ - камида, улар алоқани синовдан ўтказишлари керак бўлган, деб ёзади The Washington Post.

Фото: Reuters

Мазкур линияни очиш қарори ҳақида КХДР етакчиси Ким Чен Ин махсус байрам мурожаатида эълон қилганди. Шунингдек, КХДР 2018 йилнинг февралида бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига мамлакат терма жамоасини юборишга қарор қилганини айтганди. Гап шундаки, Олимпиада мусобақалари Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтади. 

"Биз терма жамоамизни Олимпиадага юбориш ниятидамиз", - деб қайд этган у. Шу билан бирга, Ким Чен Ин Корея Республикаси билан муносабатлар яхшиланиши зарурлигини қайд этганди. 

Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат ўртасидаги алоқа линияси 2016 йилда, Жанубий Корея ядровий синовлар сабаб КХДРга санкциялар киритганидан кейин ёпилган.