Ҳиндистон ҳукумати дунёдаги энг машҳур архитектура ёдгорликларидан бири бўлмиш — Аградаги Тож-Маҳал мақбарасига киришда чекловлар ўрнатмоқчи. Бу ҳақда South China Morning Post хабар тарқатди.

Ҳукумат тарихий обидани яхши сақлаш учун шундай чора кўрмоқда. Ушбу мақбара оқ мармардан қурилган, сайёҳларнинг кўп оқими эса мармарни ифлослантириши ва зарарлаши мумкин. 2016 йилда мақбарани зиёрат қилиш учун келган сайёҳлар сони 6,5 миллион кишини ташкил қилганди, уларнинг аксар қисми — ҳиндлар.

Бу лойиҳа қабул қилинса, Тож-Маҳалга кириши мумкин бўлган ташрифчилар сони кунига 40 минг кишидан ортиқ бўлмайди: айни вақтда, байрам кунларида уларнинг сони кунига 70 минг нафарни ташкил қилмоқда. Хорижлик сайёҳларга чекловлар бўлмайди. Хорижликлар учун мақбарага кириш учун тўлов 1000 рупий (16 доллар атрофида), ҳиндлар эса чиптани 40 рупийга харид қилишлари мумкин.

Тож-Маҳал — Аграда, Жамна дарёси қирғоғида қурилган. Уни Бобурийлар сулоласи вакилларидан бири Шоҳ-Жаҳон ўзининг вафот этган рафиқаси Мумтоз-Маҳалга ёдгорлик сифатида барпо этган. Шоҳ-Жаҳоннинг ўзи ҳам шу ерга дафн қилинган.

Ёдгорлик ҳинд, форс ва араб меъморлари томонидан биргаликда қурилган. 1983 йилда мазкур мақбара ЮНЕСКО рўйхатига киритилганди.