2017 йилнинг кузида Xiaomi компаниясининг барча янги смартфонлари келгусида ажойиб хусусиятга эга бўлиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бугун бу хабарлар расман ўз тасдиғини топди. Шундай экан, Xiaomi Mi 7 флагманининг Qi технологияси бўйича симсиз заряд тизимига эга бўлиши кафолатланади.

IDC идорасининг маълум қилишича, Xiaomi Mi 7 смартфони ҳақиқатда симсиз заряд технологиясига эга бўлиб, уни симдан фойдаланмаган ҳолда зарядлаш мумкин бўлади. Компания фанатлари кўп йиллар ана шундай техник хусусият ҳақида орзу қилишганди, Xiaomi бу йил уларнинг орзусини амалга оширишга киришди. Аккумуляторни симсиз заряд билан қувватлантириш магнит индукция орқали амалга оширилади, яъни телефонни қувватлантириш учун уни махсус заряд қурилмасига қўйиш керак бўлади. 

Xiaomi 2017 йилнинг иккинчи ярмида Wireless Power Consortium'га қўшилди. Ушбу консорциумга симсиз зарядни қўлловчи маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштирган тақдирдагина қўшилиш аҳамият касб этади. Xiaomi Mi 7 айнан қандай тезлик билан зарядланиши ҳозирча номаълум, бироқ телефонни тўлиқ зарядлаш икки соатдан ортиқроқ вақт олиши маълум. 

Android ва iOS'даги баъзи топ-смартфонлар симсиз заряд технологияси билан таъминланган, бироқ оригинал заряд қурилмаларига эга бундай смартфонлар нархи жуда қиммат. Xiaomi компанияси эса симсиз заряд тизимини ҳамёнбоп нархда чиқариб, яна бир бор барчани ажаблантириши кутилмоқда.