Американинг AT&T уяли оператори 2018 йилнинг охирига қадар АҚШнинг 12 шаҳрида 5G технологиясини тўлақонли ишга тушириш режалари ҳақида эълон қилди. Бизнес учун эса тармоқ имкониятлари ундан олдинроқ йўлга қўйилади: компания 5G тармоқларидан қандай фойдаланиш мумкинлигини кўрсатиш борасида бошқа ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

AT&T вакилларининг сўзларига кўра, 5G стандарти бўйича алоқа нафақат интернет тезлигини оширади, балки пинг (фойдаланувчи сўровидан то маълумотлар узатишгача бўлган вақт)ни ҳам сезиларли даражада камайтиради. Бу реал вақт кесимида таҳлилни қўлловчи ҳамда бошқа қурилмалар (масалан, ҳайдовчисиз автомобиллар) билан маълумот алмашувчи қурилмаларга фаолроқ ривожланиш имконини беради.

"Биз 5G келажак технологиялари ҳайдовчисиз автомобилларга реал вақт кесимида фақат бортдаги сенсорлар билан чекланиб қолмаган қарорлар қабул қилиш имконини беришига умид қилмоқдамиз. Машиналар бинолар бурчагини "кўздан кечириши", бошқа автомобиллар орти ва янада узоқ масофаларни кўра олади. Бу машиналарга атрофни тезроқ англаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш имконини беради".

AT&T матбуот хизмати

Компанияда технологияни ишга туширишга доир эълон 5G стандарти (тўлиқ номи — Non-Standalone 5G New Radio)нинг яқинда 3GPP ташкилоти томонидан қабул қилинган биринчи, оралиқ спецификацияси билан изоҳланди. Бу чиплар яратиш, тармоқларни ишга тушириш ва келгусида стандартни такомиллаштириш имконини беради. Ишланмада иштирок этган баъзи компаниялар ҳам имкон қадар тезроқ 5G тармоқларини йўлга қўйиш режалари ҳақида маълум қилди — масалан, China Telecom 2018 йилнинг ўзидаёқ Хитой шаҳарларида тест ўтказмоқчи, China Mobile эса 2020 йилда тижорат тармоқларини ишга тушириш ниятида. Яна бир америкалик оператор - Verizon 2018 йилда АҚШнинг 3-5 шаҳрида 5G тижорат тармоқларини ишга туширмоқчи экани ҳақида эълон қилди, энг биринчиси Калифорния штатидаги Сакраменто шаҳри   бўлиши кутилмоқда.