Қирғизистоннинг Баткен вилоятидаги Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Сўғмент қишлоғи аҳолиси давлат чегараси бўйлаб сим ўтказишни талаб қилмоқда, деб ёзади Turmush.kg.

Маҳаллий фуқаролардан бири Қўчқорали Ортиқбоевнинг айтишича, қишлоқдагилар нафақат уй ҳайвонларини қўриқлашлари, балки ўз фарзандлари, ўсмирларни ҳам назорат остида ушлашлари даркор, бу қўшнилар билан қандайдир можаро юз бермаслиги учун керак.

«4 йилдан бери Ўзбекистондаги Ҳушёр ва Қирғизистондаги Сўғмент қишлоғи ўртасида кескин муносабатлар сақланиб турибди. 2013 йилда Чарбок қишлоғидаги воқеаларга қадар Ҳушёр қишлоғи аҳолиси бизнинг Қора-Сувдан ичимлик сувини олган. Биз эса уларнинг бозорида маҳсулотларимизни сотардик. Баткен шаҳрига фақат ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар бўйича борганмиз. Бироқ 4 йил муқаддам ҳаммаси ўзгарди: икки қишлоқ аҳолиси энди ҳамкорлик қилмаяпти. Аввал икки қишлоқдагилар бир-бирларининг тўйларига боришган, ҳозир эса чегара орқали ўтиш имконсиз», - дея маълум қилди у.

Сўғмент қишлоғида яшовчи Мухторали Амирбековнинг таъкидлашича, Сўғмент ва Ҳушёр ўртасидаги масофа 50 метрдан камроқни ташкил этади.

«Агарда чегаранинг у томонига қорамолларимиз кетиб қолса, уни қайтариш деярли имконсиз. Бизда ҳовлилар жуда яқин жойлашган. Йўллар ва тоғлар ҳам ҳаммага битта".

Баткен тумани ҳокими ўринбосари Талай Ибраимовнинг қўшимча қилишича, Сўғмент ва Ҳушёр қишлоғи ўртасидан ўтувчи давлат чегараси  чизиғига бу участка бўйича ҳолат ҳали аниқлаштирилмагани сабабли тўсиқ қўйилмаган.

Фото: Turmush.kg

«Бу масала Қирғизистон ҳукумати даражасида ҳал қилиниши керак. Биз аралаша олмаймиз. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама музокараларни ўтказиш лозим. Биз икки давлат томонидан якуний қарор қабул қилингач, чегара чизиғини сим билан белгилаб қўйишимиз мумкин», - деди Т.Ибраимов.

Сўғмент қишлоғи Қиштут қишлоқ округида жойлашган бўлиб, унга Чарбок, Таян ва Сой қишлоғи ҳам киради.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг 5-7 январь кунлари Сўх анклави аҳолиси ва Чарбок қишлоғи фуқаролари ўртасида чегараолди зиддияти юз берган бўлиб, унда бир неча киши жабрланди ва автотранспортга зарар етказилди. Баткент туманида Ўзбекистоннинг Сўх анклави атрофида жойлашган 5 та чегараолди қишлоғида фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилди.