АҚШ ва Жанубий Корея Пёнгчангдаги қишки Олимпиада вақтида биргаликдаги ҳарбий-денгиз машғулотларини ўтказмасликка келишиб олди. Бу ҳақда Yonhap ахборот агентлиги маълум қилди

Таъкидланишича, ушбу келишувга АҚШ ва Жанубий Корея президентлари Дональд Трамп ва Мун Чжэ Иннинг телефон мулоқоти натижаларига кўра келинган.

“Агар Шимол ҳеч қандай иғвогарликларни амалга оширмаса, сиз Жанубий Корея-АҚШ машғулотларини Олимпия ўйинлари вақтида қолдиришга тайёрлигингизни кўрсатсангиз, бу қишки Олимпиаданинг муваффақиятли ўтказилишига катта ёрдам беришига ишонаман”, деб айтган Жанубий Корея президенти америкалик ҳамкасбига.  

Трамп, ўз навбатида, бунга рози бўлган ва Мун Чжэ Ин Шимолий Кореяга Олимпиада вақтида ҳарбий машғулотлар ўтказилмаслигини етказиб қўйиши мумкинлигини айтган. Маълум қилинишича, Трамп Шимолий Корея билан мулоқотни йўлга қўйишда ёрдамини таклиф қилган. “Агар сизга Кореяаро мулоқотни йўлга қўйишда ёрдам керак бўлса – айтинг. Президент Мун Чжэ Ин, АҚШ сизни 100 фоиз қўллаб-қувватлайди”, деб айтган Трамп. 

Корея яриморолидаги вазият ўта кескин бўлиб қолмоқда. 2017 йилда Шимолий Корея 20 та баллистик ракета парвозини амалга оширган. Ўз навбатида АҚШ иттифоқдошлари билан минтақада катта кўламли денгиз машғулотлари ўтказиб келади.