Ўзбекистонда қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарларга қўйилган 10 доллар миқдоридаги чегара бекор қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» ҳукуматдаги манбасига асосланиб хабар берди.

Белгиланган чегарани қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги ҳужжат ҳали имзоланмаган, бироқ 1 январдан бошлаб Қозоғистон билан чегарада шахсий фойдаланиш учун 1000 долларгача миқдордаги товарларни божсиз олиб киришга рухсат берилган. Айни вақтда Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги «Ғишт кўприк» («Черняевка») назорат-ўтказиш пунктида умумий қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган ўз эҳтиёжи учун истеъмол товарлари Ўзбекистонга божсиз олиб кирилмоқда.

Қўшни давлатлардан шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарларни бир вақтда олиб кириш учун 10 долларлик меъёр «ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш мақсадида» 2009 йил июнда ўрнатилган эди. Унга қадар мазкур меъёр 25 долларни ташкил этган. Қўшни бўлмаган давлатлардан эса 1000 долларгача миқдордаги товарларни божсиз олиб кириш мумкин.

Қозоғистон томонидан чегарани кесиб ўтаётган фуқаролар чегарадан ўтиш бирмунча осонлашганини таъкидлашмоқда. «Жуда тез ўтдим, атиги беш дақиқа, сумкаларни ҳеч ким текширмади, шунчаки рентген орқали ўтказишди», — дея фуқаролардан бирининг сўзларини келтиради нашр.

Сумкалар ва микротўлқинли печ олиб ўтаётган аёл унга ҳеч ким ҳеч қандай савол бермаганини таъкидлаган, фуқаролар 10 долларлик чегара бекор қилинганини мамнуният билан қаршиламоқда.

Қайд этиш керакки, божсиз олиб киришга тааллуқли меъёрлар тижорий мақсадларга мўлжалланган товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахсларга нисбатан қўлланмайди.

1 январдан 2000 долларгача миқдордаги нақд хорижий валюталарни Ўзбекистондан олиб чиқиш ва олиб киришда ёзма декларация қилиш талаби ҳам бекор қилинган.

Ўзбекистондаги халқаро аэропортларда йил бошидан буён икки йўлак («яшил» ва «қизил») тизими иш бошлади.