Нью-Йоркдаги 4 январга ўтар кечаси (Тошкент вақти билан 4 январь эрталаб) бошланиши кутилаётган қор сабабли мактаблар бир кунга ёпилади. Бундай қарорни шаҳар мэри Билл Де Блазио қабул қилган.

Аввалроқ АҚШ миллий метеорологик хизмати яқин кунларда АҚШнинг Атлантика соҳилбўйида қор ёғиши, қор бўронлари ва жуда паст ҳароратлар кутилаётганини маълум қилганди. 

“Қор бўрони кечаси бошланиб, эрталабга яқин, айни тиғиз вақт кучли қор ёғишини кутмоқдамиз. 15 сантиметргача қор ёғишини тахмин қилмоқдамиз, бироқ қор қатлами 30 сантиметргача ҳам етиши мумкин”, деб маълум қилган шаҳар мэри.

Қор бўрони арафасида шаҳарнинг барча коммунал хизматлари 12 соатлик сменали иш тартибига ўтган. Кўчаларга музлашга қарши кимёвий модда қўлловчи 700 машина ва қор тозаловчи 15 мингта восита чиқарилади.

Декабрь охиридан АҚШ шимоли-шарқида 8-10 градус совуқ ҳарорат ўрнатилган. Маҳаллий денгиз иқлими сабабли бу ҳарорат қийин ўтказилади. Шаҳар раҳбарияти аҳолига иложи борича кўчага чиқмасликни тавсия қилган. Ҳаво ҳарорати яқин кунларда 20 градус совуққача пасайиши кутилмоқда.