Қашқадарё вилояти Ғузор туманида «Ёнқишлоқ» МФЙда яшовчи, 1-мактабда математика фанидан дарс берадиган ўқитувчи Зулхумор Каримова қизи — Камоланинг соғлиғига шифо истаб, яхши инсонларнинг кўмагидан умид қилиб, таҳририятимизга мурожаат қилди.

Ижодий жамоамиз Сурхондарё сафаридан қайтаётиб, Зулхумор аянинг уйига кириб борганида кеч тушиб бўлган эди. Шунга қарамай, биз нажот истагидаги оила меҳмони бўлдик ва Зулхумор опа оиласи бошига тушган фожиани сўзлаб берди...

2002 йил 15 ноябрда оилада фожиа рўй беради. Зулхумор Каримованинг руҳий хасталиги бўлган турмуш ўртоғи (буни ҳеч ким шу вақтгача билмаган) тўсатдан касали қўзғаб оила аъзоларига пичоқ билан ташланиб қолади...

У хотини ва уч фарзанди — икки қизи ва бир ўғлини ҳам пичоқлайди. Ота бироздан сўнг ўзига келгач, нима ишлар қилиб қўйганини англайди ва маҳалла-кўйни ёрдамга чақиради. 

Лекин кўргулик экан, пичоқ тиғи оиладаги иккинчи фарзанд — 1994 йилда туғилган Камола Бозорова (ўшанда у 8 ёшли қизалоқ бўлган) умуртқа поғонасига кириб кетади ва орқа мияга шикаст етказади. Зулхумор Каримованинг ўзи ҳам ногирон, ўша машъум кунда пичоқ унинг энсасига кириб кетган. Гарчи врачлар унинг яшаб кетишига ишонишмаган бўлса-да Худонинг марҳаматини қарангки, Зулхумор ая бугун ҳаёт, ҳаттоки бир ўзи (эри қамалиб кетгач, у билан ортиқ яшашни истамайди) ўқитувчилик орқасидан ҳалол нон топиб, рўзғор тебратиб, уч фарзандни вояга етказмоқда. 

Қолган икки фарзанди олинган жароҳатларидан фориғ бўлишган, бироқ... Камола ўшандан буён ногирон. Камола оёққа туриш учун онаси нималар қилмади дейсиз! У яқин-яқингача эмаклаб, судрала олар, ўтира олар, оёқларидан бирига жон ҳам киргандек бўлганди. Умид уйғонганида яна бир кўргулик рўй берди — унинг ўнг оёғи сон суяги 2017 йил апрель ойида синиб қолди ва ҳанузгача шу ҳолатда турибди.

«Оёғингиз оғримайдими?» деб савол берамиз Камолага. «Менинг белдан пастки қисмим умуман оғриқ сезмайди», дейди у синиқиб.

«Келажакка умуман умидим қолмаган. Нималарни ўйлашни ҳам билмай қолганман. Менинг ҳам орзуларим бор эди...» — дейди Камола кўз ёшларини тия олмасдан.

Зулхумор аянинг айтишича, суяк мўртлашганлиги сабабли Камоланинг оёғи оғирликка дош бермай синган. Уни даволатиш учун Тошкентда операция ўтказиш зарур. Айни пайтда у тўшакка бутунлай михланиб қолган. Зулхумор опанинг қизининг соғайишини истаб, туман, вилоятдаги мутасаддиларга қилган ўнлаб мурожаатлари жавобсиз қолган.

KUN.UZ таҳририяти юртимиздаги барча сахий ва савобталаб инсонларни ушбу оилага кўмак беришга чақиради. Мутолаага, адабиётга меҳр қўйган Камоланинг оёғи тузалиши, ўзини ўнглаб олиши учун яхши инсонларнинг кўмаги керак. Биз Камоланинг аяси Зулхумор Каримова номига очилган пластик карточка ҳисоб рақамини тақдим этамиз:

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун :

Пластик карта орқали (CLICK, PAYME):

Агробанк: 8600 0423 5062 7534 

Зулхумор Каримова

Телефон: (+998-91) 956-04-65

Ушбу хайрия натижасида 24 миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилди. Ҳозирда Камола Тошкентда даволанишни бошлаб юборишди. Хайрияда иштирок этган барча инсонларга миннатдорчилик билдирамиз. 15.01.2018

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш