Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 4 январь куни "Халқаро келишувни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорни имзолади. 

Унга кўра, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестициялар ва техник ёрдамни жалб қилиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак:

1. 2017 йилнинг 13 октябрида Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси  ва Европа инвестицион банки (ЕИБ) ўртасида имзоланган ЕИБнинг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолияти тўғрисидаги Доиравий келишувни тасдиқлаш;
2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ЕИБ билан ҳамкорлик қилиш ва халқаро келишувни амалга ошириш учун масъул орган деб белгилаш;
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ўрнатилган тартибда Европа инвестицион банки учун Ўзбекистон ва ЕИБ ўртасидаги Доиравий келишувнинг қонуний кучга киришига доир юридик хулосани тақдим этиш;
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон томонидан кўрсатилган халқаро келишувнинг кучга кириши учун зарур ички тартибларни бажаришга доир тегишли билдиришнома йўллаш;
5. Халқаро келишув кучга киргандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбарлар ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар мажбуриятларни бажариш устидан белгиланган тартибда назорат ўрнатишни таъминлашлари керак.

Мазкур қарор ижроси назорати Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклатилди.